Ўзбекистон | 11:26 / 04.09.2016
27335
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бўйлаб мотам маросимлари ўтказилмоқда

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан мамлакатнинг барча ҳудудларида мотам маросимлари ўтказилмоқда.

Жумладан, Нукус шаҳар Ёшлар марказида мотам маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Нукус шаҳар ҳокимлиги, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди. Бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Сурхондарё вилоятида ҳам мотам маросимлари ўтказилмоқда.

Термиз шаҳар Ёшлар маркази биносида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар Президент хотирасига таъзим бажо келтирди.

«Халқимиз оғир жудоликка учради, — деди термизлик меҳнат фахрийси Робия Тилакова. — Ватанни севиш, инсонни, фарзандларини улуғлашни дунёга кенг намоён этган халқпарвар Юртбошимиздан айрилиб колдик. Мамлакатимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари самарасидан ёшу кекса бирдек баҳраманд бўлмоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида қад ростлаган замонавий таълим муассасалари, спорт иншоотлари навқирон авлоднинг бахту камолига хизмат қилаётир. Миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, буюк аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни авайлаб-асрашдек эзгу ишлар рўёби ҳам Ислом Каримов хизматлари самарасидир. Халқимиз Президентимизнинг ёрқин хотирасини ҳеч қачон унутмайди».

Бундан ташқари, Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида мотам тадбирлари ўтказилмоқда.

Эрта тонгдан корхона, ташкилот ва таълим муассасалари вакиллари, ёшлар, умуман, минглаб андижонликлар Андижон шаҳридаги Бобур номидаги майдонга келиб, Президент портрети пойига гулчамбарлар қўйди. Андижон вилояти ҳокимлигида Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган «Хотира хонаси» ташкил этилди. Бу ерда мустақиллик йилларида Президент раҳнамолигида эришилган улкан ютуқ ва марраларини акс эттирувчи фотосуратлар, давлат раҳбарининг китоблари ўрин олган. Улкан экран орқали Президент Ислом Каримовнинг Андижон вилоятига ташрифлари ва андижонликлар билан самимий суҳбатлари тасвирланган видеолавҳалар намойиш этилди.

Вилоят марказидаги Бобур номидаги майдонда, туман ва шаҳарлар марказларида ўтказилган мотам маросимларида ўн минглаб фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига эҳтиром кўрсатди.

Мавзуга оид