Блогер Давронбек Тожиалиев ўз блогига "Тиригидан ўлиги қиммат: фирма ёпиш машмашалари" сарлавҳаси остида пост жойлаштирди.

Қуйида ушбу пост ўзгартиришларсиз келтирилади.

Ўзим шахсий фирма очиб, юритиб кўрмаганман. 2 йил олдин дўстимнинг илтимоси билан унинг фирмасига директор бўлдим. Фирма фаолият юритмагани боис “нолевой” ҳисобот топшириб турдик. Кейин бошланди: ҳокимиятдан қўнғироқ, статистика бошқармасидан, солиқ қўмитасидан, банкдан… Унга ҳисобот топшир, бунга топшир, уни тўла-буни тўла…

2016 йилнинг март ойи бошларида ишламаётган фирмани ёпишга қарор қилдим. Танишлардан суриштирдим, йўл-йўриқ сўрадим. Кимдир фирмани ёпишда ёрдам берувчи ёлланма кишилар борлигини, уларнинг хизмат ҳақи 200 доллардан 1000 долларгача экани, шу пулни бериб, тинчгина қутулиш кераклигини айтди. Бировга пора бермайман, оддий халқ қандай қийналса, мен ҳам шу усулда фирмани ёпаман, деб фикр қилдим.

Агар фирма 1 йил давомида фаолият юритмаган бўлса, солиқ идорасида банкдан бу ҳақда маълумотнома ва кўчирма олиб келиб берилса, корхонани автоматик тугатишга йўналтиришлари мумкин дейишди. Буёғига фирмани ёпиш учун тайёрлаган қоғоз-ҳужжатларим ҳақида рақамлаб ёзиб бораман.

Солиқ идорасига юқоридаги ҳужжатни олиб бориш учун аввало банкка хат (1) билан мурожаат қилдим. 3 кундан сўнг менга жавоб хати (2) ва кўчирмани (3) беришди. Уни олиб туман солиқ қўмитасининг фирмаларни ликвидация қилиш бўлимига учрадим. Бўлим мутасаддиси муддаомни тинглагач, бундай амалиёт ҳозирда қўлланмаётганини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 630-сонли қарорига кўра, ихтиёрий тугатиш лозимлигини тушунтирди.

Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш учун туман ҳокимиятининг “Ягона дарча” марказига бордим. Улар керак бўладиган дастлабки ҳужжатлар рўйхатини беришди:

- Фирма ёпилаётгани ҳақида газетага эълон (4).
- “Ягона дарча маркази”га ариза (5).
- Фирмани тугатиш ҳақида таъсисчилар мажлиси протоколи (6).
- Фирмани тугатиш ҳақида таъсисчилар қарори (7).
- Фирмани тугатувчининг паспорт нусхаси (8).

Ушбу ҳужжатларни тайёрлаб (газетада эълон чоп этилишига 1 ҳафта кетди), “Ягона дарча” марказига топширдим. Улар ушбу ҳужжатлар асосида солиқ қўмитасига хат юборадиган бўлишди. 10 кунлардан кейин солиқ қўмитасига чақиришди. Солиқ қўмитаси текшируви учун қуйидаги ҳужжатларни олиб келишимни айтишди: