Жаҳон | 10:15 / 08.09.2016
10493
2 дақиқада ўқилади

Исроил Голан тепаликларидаги Сурия армияси позицияларига ҳужум қилди

Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари Голан тепаликларидаги Сурия армияси ҳарбийларига яна бир марта ҳужум қилди. Қурбонлар ва жабрланувчилар ҳақида маълумот йўқ. Бу ҳақда Рейтер агентлиги Исроил армияси вакилига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

Армия вакилининг сўзларига кўра, "Исроил самолётлари Голан тепаликларининг шимолий қисмида суриялик ҳарбийларга миномётдан зарба йўллаган".

Бундан олдинроқ, якшанба куни исроиллик ҳарбийлар Голан тепалигининг Исроил томонидаги қисмига артиллерия зарбалари келиб тушгач, ҳужум манбасини нишонга олганди. Исроил ҳарбийлари бу ҳаракатларни мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш сифатида атаган ва бу ҳаракатлар давом этишини билдирган.

Бундан олдинги зарбалар алмашинуви 22 август куни рўй берганди. Ўшанда Исроил томони Суриядаги гуруҳларнинг ўзаро жанглари вақтида снарядлардан бири тасодифан ўз ҳудудига тушгани учун қарши зарба берганди. Исроил ҳарбийлари маълумотларига кўра, чегаранинг 80-километрида "Жабҳат ан-Нусра" ва ИШИД жангарилари бўлинмалари жойлашган.

Голан тепаликлари — Исроил ва Сурия ўртасидаги баҳсли ҳудуд бўлиб, у 1967 йилдаги Олти кунлик уруш мобайнида расмий Тель-Авив томонидан эгалланганди. Унга қадар, 1944 йилдан бошлаб бу ерлар САРнинг ал-Қунайтра вилоятига кирар эди.

Исроил ҳам, Сурия ҳам Голан тепаликларини ўз ҳудудининг бир қисми деб билади.

Мавзуга оид