Ҳайит байрамларида  ёшу қари, бойу камбағал барчалари шоду хуррам бўлиб, бир-бирларига хурсандчилик изҳор қилишади. Бу улуғ байрам Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари нишонланади. Мусулмонлар ҳамиша орзиқиб кутадиган ушбу икки ҳайит байрамларига тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, у сабабли банда кўплаб ажру савобларга эга бўлади. Жумладан:

Эзгу ният.
Ҳайит намозига чиқилар экан, зиммасидаги вожиб амални адо этишни ният қилади. Пайғамбаримиз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўрсатмаларини бажариш нияти билан яхши кийимларини кийиб чиқади. Силаи раҳм, яъни қавму қариндошларини зиёрат қилишга ҳаракат қилади. 

Ғусл қилиш ва хушбўйланиш.
Ювиниб тоза-озода бўлганидан сўнг ширин мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқиш ҳам бу куннинг одобларидан саналади.

Яхши кийимлар кийиш.
Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб бўлади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду хуррамлигини намоён қилиш ҳамдир.

Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емаслик.
Қурбон ҳайитида Рамазон ҳайитининг акси ўлароқ то ҳайит намози адо этилгунича таомланмаслик, балки сўйган қурбонлигининг гўштидан ейиши суннатдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қурбонлик кунида намоз ўқигунларича таомланмасдилар (Термизий ривояти).

Ҳайит намозига эрта бориш.
Барро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хутба қилаётиб бундай деганларини эшитганман: “Ушбу кунда биринчи қилинадиган иш байрам намозини ўқишдир, сўнгра қурбонлик қилишдир. Кимки шундай қилган бўлса, албатта бизнинг суннатимизга эргашибди” (Имом Бухорий ривояти).

Масжидга пиёда юриб бориш.
Агар йўл узоқлик қилмаса, қору-ёмғир ёғмаётган бўлса ёки  касал бўлмаса ҳайит куни намозгоҳга пиёда юриб бориш суннат ҳисобланади.

Масжидга боргунича овозини чиқариб таҳлил ва такбир айтиб бориш.
Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиқилган пайтдан то намозгоҳга етиб боргунча “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” ларни айтиб бориш ҳам суннат ҳисобланади. Ушбу суннатни адо этиш Ислом шиорини изҳор қилиш ва ҳайит байрами келганидан шодланиш ифодаси, ҳамда ушбу куннинг олдинги ва кейинги кунлардан фарқли кун эканини барча инсонларга билдириш ҳисобланади.