Аллоҳ таоло ҳажга қодир бўлган ҳар бир мусулмонга умрида бир марта уни адо этишни ушбу ояти карима билан фарз қилган: “Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон, 97). У исломнинг беш арконидан бири ҳисобланади. Ҳаж – молий ва жисмоний ибодатдир. У ерда ирқи, жинси, ранги, тили ва дунёвий мақомидан қатъий назар барча инсонлар бир хил кийимда, бир хил ҳолатда ибодат қиладилар. Чунки Аллоҳ таоло ҳузурида ҳамма баробардир.

Ҳаж ҳижратнинг тўққизинчи санасида барча мусулмонларга фарз бўлди. Шу йили Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадина аҳлидан 300 кишини Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) раҳбарликларида ҳажга юбордилар. Кейинги санада Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзларининг сўнги “Ҳажжатул вадоъ”, яъни видолашув ҳажини адо этдилар ва унда исломнинг асосий таълимотини ўз ичига олган машҳур видолашув хутба – мавъизаларини, яъни  йиғилган саҳобалари ва келажак уммат ҳаёти учун зарур бўлган васиятларини баён қилдилар.

Тарихий манбалардан яхши биламизки, ҳаж қилиш ибодати анбиёлар отаси Иброҳим (а.с.) Аллоҳ таолонинг амри билан Байтуллоҳни бино қилган, унинг асосини кўтарган вақтдан бери бошланган эди. Каъбанинг қурилиши тамом бўлганидан кейин Аллоҳ таоло пайғамбари ва халили Иброҳим (а.с.) бундай амр қилди: “Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин! (Шунда) улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар. Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз!” (Ҳаж, 27-28).

Кейинчалик ҳаж арконлари ҳақида бошқа оятлар ҳам нозил бўлди, уни адо этиш тартиб ва ҳукмлари ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлди. Ҳаж ибодатига мушриклар томонидан киритилган барча хурофий нарсалар бекор қилинди, Иброҳим (а.с.) даврларида бўлганидек, ягона Аллоҳнинг ўзига холис ибодат қилиш, унга қурбонлик келтириш, талбия ва такбир айтишда софликка эришилди. Шунингдек, ҳаж мавсумида дунёнинг турли жойларидан йиғилган мусулмонларга дунёвий ва ухровий манфаат ва фойда бўлиши ҳақидаги оятлар ҳам нозил бўлди.

Жумладан, Расули акрам (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар: “Ким ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, тақиқланган ишлардан ўзини сақлаган бўлса, онасидан янги туғилган кунидек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Меҳрибон Парвардигоримиз ушбу ибодатни бажарганларга улкан ажру мукофотларни ваъда қилиш билан бига, бандаларига яна-да енгил бўлиши учун уни уч турда бажариш имкониятини берди. Ҳар ким ҳохиши ва имкониятига қараб бу уч турдан бирини танлайди ва ҳаж ибодини шунга кўра адо этади.