Инсон психологияси ниҳоятда мураккаб, унинг муҳим қисмини хаёлот олами ташкил қилади. Шундай экан одам бир вақтинг ўзида икки параллел оламда яшайди: реал ҳаётда ва тасаввурлар дунёсида. Шуниси қизиқки, инсоннинг айнан хаёлий дунёсига ташқаридан осонликча таъсир кўрсатиш мумкин. Муҳими шундаки, бу таъсир доим яширин характерга эга бўлиб, инсоннинг ўзи буни кўпинча пайқамайди. Бу жараённи манипуляция механизми бошқаради.
Буни ҳаётий мисоллар ёрдамида изоҳлашга ҳаракат қиламиз. Агар кўча-кўйда кимдир биздан “А” объектга бориш йўлини сўрасаю, биз унга “В” объектга бўлган йўлни кўрсатиб юборсак, бу манипуляция ҳисобланмайди, бу шунчаки ёлғон маълумот бериш бўлади. Бу ҳолат манипуляция ҳисобланиши учун, биз ўша одамнинг онгостига қандайдир яширин йўллар билан таъсир кўрсатиб, унинг ўз хоҳиши билан “В” объектга боришига эришишимиз керак. Зотан, манипуляция бу онг устидан ҳукмронлик ўрнатиш бўлиб, унда инсон руҳияти, ҳатти-ҳаракатлари ва дунёқарашига таъсир кўрсатилади. Оммавий ахборот воситалари фаолиятида қўлланилиши нуқтаи назаридан, манипуляцияни инсон тафаккури устидан назорат ўрнатиш дея баҳолаш мумкин.
Манипуляциянинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, у орқали объектнинг ҳатти-ҳаракатларини дастурлаш мумкин. Манипулятор доим инсоннинг айнан руҳий дунёсини мўлжалга олади. Бунда манипуляция объектига шахс сифатида қаралмайди. Манипулятор учун у шунчаки таъсир кўрсатишнинг объекти бўлади. Агар одам ўзига қаратилган мурожаатларнинг асл моҳиятини билиб турса, яширин мақсадлардан хабардор бўлса, бу ҳолатга манипуляция сифатида баҳо бериб бўлмайди. Шундай экан, манипуляциянинг мақсадлари фош этилган тақдирда, шу вақтдан бошлаб таъсир кўрсатишнинг манипулятив характери йўқолади.
Манипуляция механизми ишга тушиши учун сохта реаллик яратилади, мана шу нуқтада манипуляторга оммавий ахборот воситалари ёрдамга келиши мумкин. Гап шундаки, оммавий ахборот воситалари аудиторияга маълумот шаклидаги тайёр хулосаларни узатади, кейинчалик эса бу қарашлар одамлар томонидан шахсий хулосалари сифатида ўзлаштирилади. Одамлар манипулятор томонидан даъват этилган ўша ҳатти-ҳаракатларни амалга оширганда буни ҳатто пайқамайди ҳам, негаки буларнинг барчасини ўз хоҳиш-иродалари билан бажараётганлик тасаввури уларга аллақачон сингдирилган бўлади.
Бугунги дунё воқеликлари – манипуляциянинг яққол кўринишидир, бироқ бу алоҳида шахслар онгига таъсир кўрсатиш эмас, бутун бир миллатлар, жамиятлар онгига таъсир кўрсатишдир. Одамларга уларнинг қадриятлари ва қарашларига моҳиятан зид бўлган сохта мақсадлар осонликча сингдирилмоқда. Муаммо шундаки, аудиториянинг аксар қисми ўзи қабул қилаётган ахборот оқимини таҳлил қилиш, жуда бўлмаганда, ўша маълумотларнинг тўғри ё нотўғрилигини текшириб кўришни истамайди. Ахир ахборотни шунчаки қабул қилиш унга баҳо бериш, танқидий назар солишдан анча осонроқдир. Бу – маълумотларнинг муваффақият қозонишини таъминлаб турадиган асосий жиҳатдир














