Хитой электрон технологиялар корпорацияси (CETC) иштирокида тайёрланган мақолада мамлакатда дронлар тўдаси технологияларини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари баён қилинган.

CETCнинг Интеллектуал технологиялар институти мутахассислари дронлар тўдасини шунчаки бир вақтнинг ўзида ҳаракатланадиган кўп сонли учувчисиз аппаратлар сифатида эмас, балки тақсимланган ягона тизим сифатида кўрмоқда.

Бундай тизимда алоҳида аппаратлар ўзаро маълумот алмашади, ҳаракатларини мувофиқлаштиради ва маҳаллий вазиятдан келиб чиқиб мустақил қарорлар қабул қилади.

Хитой ҳозирнинг ўзида бир хил турдаги кўплаб дронлардан ташкил топган тўдаларни яратишда сезиларли натижаларга эришган. CETC маълумотларига кўра, бундай тизимлар марказлаштирилмаган тармоқ тузиш, уни вазиятга қараб қайта шакллантириш ва мослашувчан алгоритмлардан фойдаланиш имкониятини намойиш қилган.

Бу эса айрим дронлар ишдан чиқса, алоқа узилса ёки радиоэлектрон халақитлар юзага келса ҳам бутун тизимга ишни давом эттириш имконини беради.

Дронлар мустақил қарор қабул қилиши мумкин

CETC мутахассислари дронлар тўдасининг жанговар самарадорлигини белгилайдиган бешта асосий хусусиятни ажратиб кўрсатган. Булар — яшовчанлик, вазиятдан хабардорлик, режалаштириш ва қарор қабул қилиш, вазифаларни бажариш ҳамда мустақил ўрганиш ва ривожланиш қобилияти.

Айни пайтда Хитой ушбу йўналишларнинг бир қисмида етарлича ривожланган технологияларга эга экани қайд этилган. Бироқ турли хил учувчисиз аппаратларни бир вақтнинг ўзида ҳаво, қуруқлик ва денгизда ҳаракатлантириш анча мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда.

Дронлар тўдасининг муҳим афзалликларидан бири — кўплаб аппаратлардан келаётган маълумотларни бирлаштира олишидир. Бир нечта дроннинг кузатув маълумотларини умумлаштириш орқали алоҳида аппаратнинг техник имкониятларидаги чекловларни қисман бартараф этиш мумкин.

Бундай тўда нишонларни мустақил равишда қидириши, ниқобланган объектларни аниқлаши, уларнинг жойлашувини белгилаши ва бир вақтнинг ўзида атрофдаги вазиятнинг яхлит манзарасини шакллантириши мумкин.

Бироқ кичик ва яхши яширилган объектларни кучли радиоэлектрон таъсир ва шовқин шароитида аниқлаш ҳамон қийин вазифа бўлиб қолмоқда.