Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяга давлат ташрифини амалга оширади. Ташриф давомида давлат раҳбарларининг икки томонлама музокаралари, шунингдек, “Марказий Осиё – Корея” форматидаги биринчи саммит ҳам бўлиб ўтади.
Корея ҳукумати хабарига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея президенти Ли Чжэ Мён музокаралари 14 сентябрга белгиланган.
Ли Чжэ Мён 15 сентябр куни Қозоғистон ва Туркманистон президентлари билан, 16 сентябрда эса Тожикистон ва Қирғизистон президентлари билан ҳам икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарларининг ташрифи давлат ташрифи, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарларининг ташрифи эса расмий ташриф мақомига эга.
16 сентябр куни “Марказий Осиё – Корея” биринчи саммити бўлиб ўтади. Корея томони бу тадбирни халқаро вазият ноаниқ бўлиб турган шароитда стратегик аҳамияти ортиб бораётган Марказий Осиё минтақаси билан дипломатик ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.
Саммит якунида “Сеул декларацияси” қабул қилиниши ва узоқ муддатли ҳамкорлик бўйича умумий қарашларни белгилаш режалаштирилган.
Шу тариқа, 2007 йилда ташкил этилган “Марказий Осиё – Корея” ҳамкорлик форуми доирасида вазирлар даражасида олиб борилган ҳамкорлик давлат раҳбарлари даражасига кўтарилади.
Корея ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари “Марказий Осиё – Корея” бизнес саммитида ҳам иштирок этади. Унда ҳукумат ва бизнес вакилларидан иборат қарийб 500 киши қатнашиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, Корея ҳукумати саммит ва икки томонлама музокаралар орқали Марказий Осиёнинг муҳим минерал ресурслари ҳамда энергетика салоҳиятини Жанубий Кореянинг қидирув ва қайта ишлаш технологиялари билан боғлаш, шунингдек, инфратузилма, саноат ва бошқа соҳаларда корейс компанияларининг минтақага кириб бориши учун имкониятларни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Марказий Осиёга корейс диаспораси келиб жойлашганига келаси йил 90 йил тўлиши муносабати билан, корё-сарамларнинг тарихий ҳиссасини ёдга олиш, корейс тили ва маданияти, ёшлар ҳамда кадрлар алмашинуви бўйича дастурларни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилади.














