Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига мувофиқ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини (ЭБМ) Ўзбекистонга юборишга қарор қилди. Миссиянинг мамлакатимизга ташрифи мобайнидаги вазифалари хусусида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати раҳбари Низомиддин Нурматов билан суҳбат уюштирилди.
- Халқаро кузатув институтининг ўрни нимадан иборат ва кузатувни амалга ошириш қандай механизмлари мавжуд?
- Сайловларнинг халқаро кузатуви институти очиқлик ва ошкораликни таъминлашга, сайлов жараёни нуфузи ортишига, шунингдек, демократик сайлов ўтказиш масалалари бўйича тажриба ва ахборот алмашишга хизмат қилади.
ЕХҲТ маконида сайловларнинг халқаро кузатуви институти ЕХҲК Конференцияси якунлари бўйича 1990 йил июнда қабул қилинган Копенгаген ҳужжатида назарда тутилган. 1990 йил ноябрда Парижда бўлиб ўтган ЕХҲК Конференциясида иштирок этувчи давлатлар “Янги Европа учун Париж хартияси” якуний ҳужжати қабул қилиниб, штаб-квартираси Варшава шаҳрида жойлашадиган “Иштирок этувчи давлатлардаги сайловларда алоқалар ва ахборот алмашувига шароит яратиш учун эркин сайловлар бюроси”ни ташкил этиш мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар. 1992 йилда бу ташкилот “Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюро” деб номлана бошлади ва унинг вазифалари инсон ҳуқуқларига алоқадор бошқа соҳаларга ҳам кенгайтирилди.
Ўтган давр мобайнида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ЕХҲТга 57та аъзо давлатларнинг барчасида 300дан зиёд сайловнинг кузатувини амалга оширди. Уларнинг 170 дан ортиғи парламент, 77 таси - президент сайловлари, шунингдек, 60 га яқин референдум ва маҳаллий ҳокимият органлари сайловларидир. Кўрсатиб ўтилган миссиялар таркибида ЕХҲТга барча аъзо давлатлар, шу жумладан Ўзбекистондан 50 мингдан зиёд экспертлар иштирок этди.
2013-2016 йилларда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Россия, Финляндия, Германия, АҚШ, Чехия, Словакия, Франция, Буюк Британия, Озарбайжон, Қозоғистон каби мамлакатлардаги парламент ва президент сайловларида ҳам кузатувларини амалга оширди.
Ўзбекистон сайлов қонунчилиги хорижий мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси сайловларида кузатувчилар сифатида иштирок этиши имкониятини назарда тутади. Хусусан, уларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ҳамда овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқи берилган. Яъни кузатув сайлов жараёнининг барча босқичларини қамраб олади. Ушбу ҳолат халқаро амалиётда кам учрайдиган мажбурият ҳисобланади.













