Россияда 18 сентябр, жума куни соат 08:00 дан Давлат думасига сайловлар расман бошланди. Мамлакат ҳудудлари ўртасидаги вақт фарқи сабаб биринчи бўлиб Камчатка ва Чукоткадаги сайлов участкалари очилди.
Овоз бериш уч кун — 18, 19 ва 20 сентябр кунлари ўтказилади. Ҳудудларда сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 20:00 гача ишлайди.
Давлат думасининг янги чақириқдаги 450 депутати аралаш сайлов тизими асосида сайланади. Уларнинг ярми — 225 депутат бир мандатли сайлов округларида, яъни сайловчилар муайян номзодга овоз бериш орқали сайланади. Қолган 225 ўрин партиялар рўйхати бўйича овоз бериш натижалари асосида тақсимланади.
DW маълумотига кўра, партия рўйхати бўйича сайловда 10 та партия иштирок этмоқда. «Яблоко» партияси эса аввалроқ расмий сабаблар билан партиявий рўйхат бўйича сайловдан четлатилган. Шу билан бирга, партиянинг айрим вакиллари бир қатор ҳудудларда бир мандатли округлардан номзод сифатида қатнашмоқда.
Украинанинг Россия назоратидаги ҳудудларида ҳам овоз бериш ўтказилди
Россияда аввалги Давлат думаси сайловлари 2021 йилда ўтказилган эди. 2026 йилги сайлов жараёни доирасида Россия Украинанинг ўзи назорат қилаётган ҳудудларида ҳам овоз беришни ташкил этди. Украина ва халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми бу ҳудудларни Россия таркиби сифатида тан олмайди.
Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашган ҳарбийлар, шунингдек, Россия назоратидаги Украина ҳудудларида яшовчилар учун муддатидан олдин овоз бериш август ойи охиридан 17 сентябрга қадар ўтказилгани Россия расмий тузилмалари томонидан маълум қилинди.
DW келтирган кузатувчилар фикрича, мазкур ҳудудлардаги овоз бериш натижаларини мустақил равишда текшириш имкониятлари чекланган. Хусусан, ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолари ҳақидаги маълумотлар ва айрим сайлов участкалари манзиллари очиқ эълон қилинмагани, очиқ видеокузатув ташкил этилмагани қайд этилган.
Шунингдек, кўчма сайлов қутиларидан фойдаланишга рухсат берилган. Россия Марказий сайлов комиссияси маҳаллий комиссияларга зарурат туғилганда бюллетенларни жойида чоп этиш ҳамда овозлар санаб бўлингач, уларни дарҳол юқори турувчи сайлов органларига топширмаслик имконини бергани ҳам мақолада келтирилган.

















