Россияда тўққизинчи чақириқ Давлат думасига ўтказилган сайловларда ҳукмрон «Единая Россия» партияси етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда 21 сентябрга ўтар кечаси Россия Марказий сайлов комиссияси маълум қилди.

Протоколларнинг 82,19 фоизи қайта ишланганидан кейин «Единая Россия» 57,76 фоиз овоз олган. Бу партиянинг аввалги парламент сайловидаги натижасидан юқори. 2021 йилда ҳукмрон партияни сайловчиларнинг 49,82 фоизи қўллаб-қувватлаган эди.

Дастлабки натижаларга кўра, Россия Федерацияси Коммунистик партияси 13,89 фоиз овоз билан иккинчи ўринда бормоқда. Россия Либерал-демократик партияси 8,77 фоиз билан учинчи, «Новые люди» партияси эса 7,97 фоиз билан тўртинчи ўринни эгалламоқда.

«Справедливая Россия» партияси 4,99 фоиз овоз тўплаган. Агар якуний натижа сезиларли ўзгармаса, партия Давлат думасига партия рўйхати бўйича кириш учун белгиланган беш фоизлик тўсиқдан ўта олмаслиги мумкин.

«Единая Россия» номзодлари бир мандатли 225 та сайлов округининг 208 тасида ҳам етакчилик қилмоқда. Партиявий рўйхат ва бир мандатли округлар натижалари биргаликда ҳисобланса, ҳукмрон партия Давлат думасида 301 дан ортиқ ўринга эга бўлиши кутилмоқда.

Бу «Единая Россия»га конституциявий кўпчиликни сақлаб қолиш имконини беради. Конституциявий кўпчилик партиянинг бошқа сиёсий кучлар кўмагисиз Конституцияга ўзгартиш киритиш билан боғлиқ қарорларни маъқуллаш имкониятини англатади.

Россия парламентига сайловлар бу сафар уч кун давомида ўтказилди. Овоз бериш Россия назоратидаги ва халқаро ҳамжамият томонидан Украина ҳудуди деб эътироф этиладиган оккупация қилинган ҳудудларда ҳам ташкил этилди. Украина ва Ғарб давлатлари мазкур ҳудудлардаги овоз бериш жараёнини қонуний деб тан олмаслигини билдирган.

Сайлов кампанияси мухолифат фаолияти жиддий чекланган шароитда ўтди. Россиянинг Украинага қарши урушига очиқдан очиқ қарши чиққан йирик сиёсий кучлардан бири — «Яблоко» партияси сайловда иштирок этишдан четлатилди.

Партия сайловда қатнашиш учун тақдим этган ҳужжатларида қоидабузарликлар аниқлангани расмий сабаб сифатида кўрсатилди. «Яблоко» ва унинг тарафдорлари эса бу қарорни сиёсий босим деб баҳолади.

Германия ва Европа Иттифоқи Россиядаги парламент сайловларини танқид қилди. Улар сайлов жараёнини «саҳналаштирилган» деб атаб, мухолифат ва мустақил сиёсий фаолларга нисбатан репрессиялар мавжудлигини таъкидлади.