Она табиат сиз ва биз билмаган меваларга бойдир. Сайёрамизнинг турли бурчакларида шу қадар ғаройиб ва экзотик меваларни учратиш мумкинки, улар ҳақида ҳатто эшитмагансиз ҳам. Уларнинг кўриниши ҳам ноодатий. Бу ажойиб меваларни татиб кўриш эса ҳақиқий саргузаштга тенг бўлиши мумкин. 

1. “Будда қўллари”

Ушбу мева Хитой, Ҳиндистон ва Японияда ўсади. Унинг мазаси нордон-ширин. “Будда қўллари”ни кўпинча шакарга ботириб, консерва қилишади ва баъзида лимон ўрнида қўллашади. Бу мевани Хитой ибодатхоналарида омад ва узоқ умр кўриш рамзи сифатида таклиф қилишади. Японияда эса ундан хона ва кийимдан хушбўй ҳид келиб туриши учун декоратив элемент сифатида фойдаланишади. 

2. Дуриан

Бу Жанубий Осиё меваси ташқи кўринишидан тиканли, лекин ичидан юмшоқ ва ширин. У ўзининг чидаб бўлмас ҳиди билан танилган, шу боис у Сингапурнинг кўп жамоат жойларида тақиқланган. 

3. Лонган

Уни “аждарҳо кўзи” деб ҳам аташади. Кичик серсув мева Хитойда истеъмол қилинади. У кўпинча шўрвалар, газаклар, пишириқлар ҳамда нордон-ширин таомларга қўшилади. Хитой тиббиётида лонган тинчлантирувчи хусусиятга эга эканлиги ҳам таъкидланади.

 

4. Мангостан

Мангостан – яна бир Жанубий Осиё меваси. У Малайзия архипелагида севимли десерт ҳисобланади. Унинг меваси сархил ҳолида ҳам ейилса-да, кўпинча консерва қилинади.

5. Пальмира

Пальмирани ёз ойларида Ҳиндистон, Жануби-Шарқий Осиё ва Малайзияда кўриш мумкин. Мева ичида оқ уруғлар мавжуд. Ҳосил ёш пайтида унинг меваси юмшоқ ва желесимон бўлади.