"Россия қўғирчоғи" ва "баттол аёл": Дебатларнинг учинчи раунди қандай ўтди?
АҚШнинг Невада университетида (Лас-Вегас) президентлик дебатларининг финал босқичи бўлиб ўтди. Дебатларга Fox News журналисти Крис Уоллеc модераторлик қилди. Бошловчи Дональд Трамп ва Ҳиллари Клинтонга олти мавзу бўйича савол билан мурожаат қилди: иммиграция, ижтимоий имтиёзлар, мамлакатнинг давлат қарзи, Олий суд судьяларининг тайинланиши, иқтисодиёт ва ташқи сиёсат. Дебатлар қуйидагича форматда ўтди: икки номзод берилган мавзу бўйича икки дақиқа давомида фикр билдиришди, шундан кейин Уоллеснинг қўшимча саволларига жавоб беришди. Дебатлар давомида номзодлар бир пайтнинг ўзида баравар гапириб, қичқириб кетишди ва Уоллес уларни зўрға тинчлантирди.
WikiLeaks
Крис Уоллес WikiLeaks'да Ҳиллари Клинтонга қарши чоп этилган далилга бир неча марта мурожаат қилди. Хусусан, бошловчи Клинтоннинг хатидан унинг чегараларни очиш тарафдори эканлигига доир сўзларини келтириб ўтди. Бу Ҳилларини эсанкиратиб қўйди ва у саволга жавоб бериш ўрнига "рус хакерлари", Путин ва Трампни айблашга киришиб кетди. "АҚШнинг 17 разведка идораси Путиннинг АҚШдаги президентлик сайловларига таъсирини тасдиқлади. Бугун Дональд ё унга Путин ёрдам бераётганини тан олиши, ёки WikiLeaks'нинг ноқонуний далилидан фойдаланишга чек қўйиши лозим", - деди у.
Бу сўзлар Дональд Трампнинг қатъий норозилигини келтириб чиқарди ва у Клинтон нима учун Путинни ёқтирмаслиги сабабларини маълум қилди. Унинг фикрича, Россия раҳбари Клинтондан ақллироқ бўлиб, у Яқин Шарқда собиқ давлат котибини ортда қолдирган. "Обама ва Клинтон Яқин Шарқда ўзларининг ғирт аҳмоқ эканликларини намоён қилишди", - дея таъкидлади республикачи. Бундай баёнотга жавобан Ҳиллари Клинтон Трампни "Путиннинг қўғирчоғи" деб ҳақорат қилди.
Ташқи сиёсат
Бу сафар на иммиграция ва на Трамп томонидан таҳқирланган аёллар масалалари Ироқ ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилишдек аҳамиятга эга бўлмади.
Республикачи Мўсулнинг қўлга олиниши фақатгина Клинтоннинг сайлов олди кампанияси учун фойдали эканлигини айтди. "Биз Мўсулни қўлга киритамиз, бу Эрон учун айни муддао, у биздан миннатдор бўлади. Ишончим комилки, у ерда шу заҳотиёқ ядровий қурол пайдо бўлади. Клинтон ва Обама ИШИДни яратишди, ўзларини ғирт аҳмоқ эканликларини намоён қилишди, чунки Асад кучлироқ бўлиб чиқди - у Путин билан бирга уларни доғда қолдирди".
Клинтон, ўз навбатида, Россия билан терроризмга қаршилик қилишга доир музокараларнинг қайта тикланиши мумкинлигини тан олди. "Сурия узра парвозсиз ҳудуд яратиш ва Ҳалабдаги отишмаларни тўхтатиш лозим", - деди у.
Сайловларни сохталаштириш
Бундан аввал Трамп сайлов натижаларини тан олмаслиги, чунки Клинтон миллионлаб сохталаштирилган бюллетенлардан фойдаланиши, шунингдек нообъектив ОАВ кўпроқ унинг аёллар билан можароларига эътибор қаратиб, рақибининг WikiLeaks фош этган жиноятларига диққат қилмаётганини таъкидлади.
Бундан ташқари Трамп Клинтонлар оилавий фондини жиноятчилик билан шуғулланган хорижий ташкилотлардан пул олганликда айблади. "Хўш, нима учун аёллар ва бесоқолларга ёмон муносабатда бўлаётган мамлакатлардан келган пулларни қайтариб бермайсиз?", - деди республикачи.
Клинтон ўз рақибини аёллар ва умуман америкаликларга ҳурматсизликда айблади. Шунингдек номзодлар аборт масаласида ҳам турли фикр билдиришди: Трамп абортни тақиқлашга чақирди, Ҳиллари эса унинг фикрига қўшилмади.
Номзодлар дебатлардан олдин ҳам, ундан кейин ҳам бир-бирларига қўл беришмади. Улар модератор Крис Уоллесга ўз ҳурматларини билдиришди - у дебатларни эфирга узатиш вақтидаги шарҳларида ўзини бетараф тутган ва ғазабланган номзодларни тинчлантиришда маданият чегарасидан чиқмаган ягона бошловчи бўлганлиги боис дебатлар ғолиби, деб тан олинди.
Мавзуга оид
15:44
АҚШда жарроҳ робот видеога қараб операция қилишни ўрганди
14:22
АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024