Қуйида мактаб тўлиқ ҳолда келтириб ўтилади.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Биз, Америка Қўшма Штатлари ва Канадада яшаётган ватандошларингиз, Сизга чуқур ҳурмат ва самимий миннатдорлигимизни изҳор этиб, ушбу Мурожаатни йўлламоқдамиз.

Яқинда Филаделфия ва Нью-Йорк шаҳарларида “Миллат шавкати” китобининг тақдимот маросимлари бўлиб ўтди. Ушбу тадбирлар биз учун океан ортида яшаб, қалбан Ватан билан ҳамнафас бўлган ватандошларни бир мақсад ва бир туйғу атрофида жамлаган муҳим маънавий воқеага айланди.

“Миллат шавкати” китобида тасвирланган Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти йўлидаги кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда тобора юксалиб бораётган нуфузи ҳақидаги фикрлар ватандошларимизда катта қизиқиш ва мамнуният уйғотди.

Тақдимотлар давомида билдирилган самимий фикрлар, Ватанимизда кечаётган ўзгаришларга бўлган юксак қизиқиш ва ватандошларимиз қалбидаги фахр туйғуси бизга яна бир ҳақиқатни кўрсатди: океанлар ва минглаб чақирим масофалар бизни Ватандан ажрата олмайди. Қаерда яшамайлик, барчамизни бирлаштириб турадиган ягона ва азиз Ватан Ўзбекистондир!

Муҳтарам Президент!

Сизнинг раҳбарлигингизда бугун мамлакатимиз ўз сўзи, қатъий позицияси, очиқ сиёсати ва аниқ тараққиёт мақсадларига эга давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаб бормоқда. Биз, хорижда яшаётган ватандошлар, бу ўзгаришларни айниқса яққол ҳис қилмоқдамиз.

Бир вақтлар чет элларда, хусусан, Америка Қўшма Штатлари ва Канадада истиқомат қилаётган ватандошлар учун Ватанга бориш, ўз яқинлари билан дийдорлашиш, Ўзбекистон билан эркин ва яқин муносабат ўрнатиш турли қийинчиликлар билан боғлиқ эди.

Бугун эса вазият тубдан ўзгарди. Сиз бошлаб берган очиқлик ва халқпарварлик сиёсати туфайли хориждаги ватандошларга бўлган муносабат янги босқичга кўтарилди. Улар билан мулоқот қилиш, уларни эшитиш, Ватан билан алоқаларини мустаҳкамлаш ва уларнинг билим, тажриба ҳамда имкониятларини Ўзбекистон тараққиётига жалб этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилаётгани бизга алоҳида ғурур ва мамнуният бағишламоқда.