ОАВ маълумотларига кўра, Goldman Sachs компаниясининг 25 ёшли ходими Даррен Шида Чжоу ўзининг собиқ севгилисини ўғирлаш, зўрлаш ва ўлдиришни режалаштириш учун ChatGPT билан маслаҳатлашган. У жиноятни содир қилгач, ўзини ўлдиришни ҳам режалаштирган.

OpenAI компанияси хавфсизлик тизими ушбу ёзишмани автоматик равишда эҳтимолий хавфли деб топган. Шундан сўнг уни OpenAI мутахассислари текширган ва айнан улар маълумотни ҳуқуқ-тартибот идораларига топширишга қарор қилган. ChatGPT ўзи мустақил равишда полицияга жиноят ҳақида хабар бермаган.

Маълумотни олгач, ФҚБ ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари тергов ишларини бошлади. Якунда Чжоу ҳибсга олинди.

Тергов, шунингдек, эркак айрилиқдан сўнг турли телефон рақамлари ва аккаунтлардан фойдаланиб, собиқ севгилисини бир неча бор таъқиб қилганини ҳам аниқлади.

Чжоу учта жиноий айблов бўйича ўз айбига иқрор бўлди: қотиллик ёки оғир тан жароҳати етказиш билан таҳдид қилиш; жиддий таҳдид билан таъқиб этиш; жиноят содир этиш мақсадида алоқа воситасидан ноқонуний фойдаланиш.

Судья жиноят иши бўйича расмий ҳукм чиқармасдан, унга 8 йиллик пробация (синов муддати) тайинлади.

Бу воқеа сунъий интеллект тизимларидан зўравонлик хавфини барвақт аниқлашда қандай фойдаланиш мумкинлигига мисоллардан бири бўлди. Шу билан бирга, у фойдаланувчиларнинг сунъий интеллект билан ёзишмаларининг махфийлик чегаралари масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.