Фан-техника | 17:11 / 23.10.2016
8573
3 дақиқада ўқилади

Kodak Ektra — ретро услубидаги камерофон

Kodak компанияси таниқли ва барчага маълум номига қарамай, электрон бозорга ўзига хос хусусиятга эга бўлмаган смартфонларни ишлаб чиқариш бефойда эканини тушунган ҳолда иккинчи уринишни амалга оширди ва бу эса биринчисига нисбатан анча омадлироқ бўлиши кутилмоқда. 

Ektra номли янги қурилма узоқ 1941 йиллари ишлаб чиқарилган айнан шу номдаги камерага ўхшаш қилиб яратилган. Смартфоннинг орқа панели  қулай тутиш учун корпуснинг пастки қисмидаги илгак ва сунъий тери билан қопланган. Смартфон четлари "металл остида"ги пластик ўрнатмалар билан мустаҳкамланган. Бироқ қурилманинг асосий "безаги" f/2.0 апертурали, оптик барқарорлаштирувчи тизимли, фазали автофокус, икки хил рангдаги ёритиш чироқларига эга ва 4К видео ёза оладиган 21-мегапикселлик Sony IMX230 камераси ҳисобланади.

Камерафоннинг бошқа хусусиятлари унчалик ҳам кўзга ташланарли эмас ва бу эса қурилмани iPhone 7, Galaxy S7 Edge ёки Google Pixel флагманлари билан солиштириш имкониятини бермайди. Аммо фойдаланувчи учун сифатли фотосурат ва қурилманинг ажойиб ташқи кўриниши муҳим бўлса, унда Kodak Ektra бундай талабларга тўлиқ жавоб бера олади.                                                                                   

Янги қурилма FullHD ҳажмдаги 5-дюймли IPS-дисплей,  ўн ядролик MediaTek Helio X20 процессори, 3 ГБ оператив хотира ва 32 ГБ ўрнатилган хотира, 128 ГБгача бўлган microSD карталари учун слот, 13-мегапикселлик олд сенсор ва 3000 мАс аккумулятор билан жиҳозланган. Операцион тизим ролини Android 6.0 Marshmallow амалга оширади ва қўшимча сифатида суратларни таҳрир қилувчи дастурлар, Snapseed фототаҳрирчиси ва қўл созламалари орқали суратга олиш  режими ўрнатилган.                                                                                                            

Kodak Ektra Европа бозорига декабрь ойида 499 евро нархида сотувга чиқади.

 

Мавзуга оид