Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни «2017—2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Кейинги йилларда қишлоқ жойларда аҳоли учун намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилсин. Фақат 2009-2016 йиллар даврида қишлоқ жойларда 1308 турар жой массивида умумий майдони 9 573 минг квадрат метр бўлган 69 557 та шинам уй-жой қурилди. Қишлоқлардаги 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланди.

Кўрилган чора-тадбирлар оилаларни замонавий, сифатли, шинам уй-жой билан таъминлашга, қишлоқда янги муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини шакллантиришга кўмаклашди, қишлоқнинг қиёфасини янги даражага кўтариш ва шу асосда қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражасини яхшилаш ва дунёқарашини ўзгартириш имконини берди.

Шу билан бирга, ушбу соҳани ўрганиш аҳолининг реал эҳтиёжлари ва харид қобилиятини, шунингдек миллий менталитетни ва қишлоқ жойларда яшаш шароитларининг хусусиятларини тўлиқ ҳисобга олиб қурилиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган принципиал жиҳатдан янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатди.

Қишлоқ жойларда аҳолининг кенг қатламларини замонавий ва шинам уй-жой билан таъминлаш даражасини тубдан ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
яшаш учун ижтимоий-маиший шарт-шароитларни яхшилаш, қишлоқ аҳолисининг замонавий, сифатли, шинам, арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш;
қишлоқ жойларда уй-жойлар қуриш учун ажратилган турар жой массивларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ва транспорт тармоқларини биргаликда ривожлантириш;
конструктив ва архитектура-режалаштириш ечимларини оптималлаштириш ҳисобига лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари, шунингдек барпо этилаётган уйлар таннархини пасайтириш;
энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишни кенгайтириш;
жойларда қурилиш индустриясини ривожлантириш, пудрат ташкилотларининг қувватларини кўпайтириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
уй-жой қурилиши учун ажратиладиган ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш;
қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилиши учун имтиёзли кредитлар беришнинг фуқаролар учун янада қулай шартларини жорий этиш.