Сўнгги йилларда аҳолининг уй-жойларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ҳукумат томонидан кўплаб қарорлар қабул қилинди, дастурлар амалга оширилди. Натижада, қисқа вақт ичида янги, замонавий уй-жойлар қад ростлади, уларнинг сони ошиб, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси янгиланди. Аммо сифати-чи?
Янги уй-жойларнинг қурилиш ишлари соҳа мутахассисларига топширилганми, улар сифатли бажариляптими? Бу уй-жойларга кўчиб ўтган одамлар узоқ йиллар давомида барча қулайликлардан баҳра олиб, бемалол ва хавфсиз яшаш имкониятига эга бўладиларми? Бу саволлар яқин йилларда кун тартибидан ўрин олса ажаб эмас. Ҳар бир соҳада сон ортидан қувиш ҳар доим сифат пасайишига олиб келган. Қурилиш соҳасидаги сифатсиз ишларга эса эътиборсизлик қилиб бўлмайди, чунки бу одамлар ҳаёти хавфсизлиги билан чамбарчас боғлиқ.
Бу мақолада сифатсиз қурилган ва яшаш учун хавфли бўлган уйлар ҳақида сўз юритамиз.
2013 йилда Desert Oazis қўшма корхонаси томонидан Урганч шаҳрида 16 ва 32 хонадонли қўпқаватли уйлар қурилиши бошланади. Кўплаб фуқаролар бу уйларни ўз маблағлари ва банк кредити ҳисобига харид қилишади. 2014 йилда қурилиш ишлари якунланган.

Бироқ уйлар эгаларига ички қисми тўлиқ таъмирланмаган, чала ҳолда топширилган. Пудратчи ташкилот Desert Oazis буни смета харажатлари ошиб кетиши ва пул маблағлари тугаб қолиши билан изоҳлаган. Натижада, фуқаролар уйларни ўз ҳисобидан катта маблағ эвазига таъмирлаб олишган. Кейин эса пудратчи ташкилотни судга беришган. Суд тақрибан 304 миллион сўмлик иш сифатсиз бажарилганини, қўшиб ёзилганини аниқлаб, фуқароларга компенсация ундириб берган. Уй эгаларининг сўзларига кўра, бу сарфланган маблағларнинг тахминан 1/10 қисмини ташкил этган, холос.
Аммо бу можаролар кейинроқ аниқланган камчиликлар олдида ҳолва эди.
Ўз маблағлари ҳисобига Ғалаба кўчасидаги 10-уйдан хонадон сотиб олган Ўрозгул Абдримова бу ишидан 6 йилдан бери афсусланмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу уйларда яшаш инсон ҳаёти учун хавфлидир.

«145 миллион сўмга шу уйдан хонадон сотиб олдим. У таъмирланмаган 4та девордан иборат эди. Жуда сифатсиз қурилган уйни ўз ҳисобимдан таъмирладим, ҳатто ойна ва эшикларигача алмаштирдим. Аммо таъмирлаш жараёнида бундан ҳам қўрқинчли камчиликлар борлиги маълум бўлди: уйнинг асосий деворлари ўртасига бир қатор ғишт терилмай, ғовак ҳолда қолдирилган. Бўшлиқлар эса қурилиш чиқиндилари билан тўлдирилган. Шунда бу уйда яшаш нафақат ноқулай, балки хавфли эканини ҳам билдик. Уй сотиб оламан деб, афсуски бошимга ғавғо орттирган эканман», - деди Ўрозгул Абдримова.

















