Географик хариталарда ер юзи мамлакатларини қидирар экансиз, уларнинг номланиши билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?  Шуниси эътиборга молик-ки, айрим мамлакатлар номини ўзбекчага таржима қилсангиз, жуда ҳам қизиқарли маънони англатади. Тўғри, айрим ҳолларда айрим номлар мамлакатнинг ҳозирги даражасини намоён қилиши мумкин. Аммо кўп ҳолларда  айрим давлатларнинг номи жисмига мос эмасдек туюлади. Келинг, айрим мамлакатларнинг номланишига қисқача бўлса-да, тўхталиб ўтайлик.

Норвегия “Шимолий йўл мамлакати” дейилади. Вьетнам ва Австралия эса “Жануб мамлакати” деб аталади. Японияни “Кун чиқар юрт” дейишади. Хитойликлар ўз юртларини “Осмон ости мамлакати” дейишади. Корея эса “Тонг бокиралиги ўлкаси” дейилади. Австрия эса немисча “Остеррайх” деб юритилиб, бу “Шарқий мамлакат” деган маънони англатади. Ирландия атамаси “эйре” сўзидан келиб чиқади ва “Ғарбий орол” деган маънони беради. Жанубий Америкадаги Эквадор мамлакатининг номи “экватор” атамасидан келиб чиққан.

Тинч океанидаги Тувалу давлатининг номи “Яқин атрофда 8 та орол мавжуд” деган маънони англатар экан. Нидерландия “Қуйидаги мамлакат” деганидир.

Бир қатор мамлакатларнинг номланишига, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси сабаб бўлган. Бразилиянинг номи мазкур мамлакатда ўсадиган қизил рангли паубразил дарахтидан олинган. Африкадаги Мали эса маҳаллий малинка элати тилида “Бегемотлар мамлакати” деган маънони англатади. Бу мамлакат пойтахти Бамако эса “Тимсоҳ ортидаги қишлоқ” деганидир. Бу шаҳар гербида тимсоҳ акс этган. Африкадаги яна бир давлат Уганда пойтахти Кампала эса “Оҳу” деган маънони   англатади.

Сомали номи маҳаллий тилда “сао сомао” деб номланиб, “Бориб сигирни соғ” деганидир. Африканинг бу мамлакатида шохли ҳайвонлар шу қадар кўпки, айтишларича сувдан ҳам сут кўпроқ экан. Испания қадимий Карфаген тилидан таржима қилинганида “Қуёнлар мамлакати” деган маънони англатади. Бу мамлакатда қуёнлар шу қадар кўп бўлганки, ҳатто танга пулларда ҳам қуёнларнинг сурати бўлган.

Ер юзидаги айрим мамлакатларнинг номланиши минтақада жойлашган тоғ, кўл, дарё номларидан келиб чиққан. Жуғрофий номлар янги пайдо бўлган ёш давлатларга қўйилиши билан боғлиқ ҳодисалар ҳам учрайди. Африкадаги Камерун вулқони номидаги давлат ҳам бор. Африкадаги Нигерия, Сенегал, Гамбия, Конго ва Жанубий Америкадаги Парагвай номи минтақадан оқиб ўтувчи дарё номидан олинган. Ҳатто Ҳиндистоннинг ҳам Ҳинд дарёси шарафига қўйилгани ҳеч кимга сир эмас.

Намибия чўли номидаги давлат ҳам борлигидан ҳамма бохабар бўлса керак. Африкадаги Чад кўли номидаги давлат ҳам бор. Танганьика кўли ва Занзибар ороли номларидан Танзания деган мамлакат пайдо бўлди. Марказий Америкадаги Куба, Ямайка, Тринидад ва Тобаго, Барбадос, Гренада оролларида пайдо бўлган янги давлатларга оролларнинг номи берилган. Европадаги Ирландия, Исландия, Мальта давлатларининг номи  ҳам ороллар шарафига қўйилган. Исландия “музликлар ери”, Гренландия эса “Ям-яшил ер” деган маъноларни англатади. Осиёдаги Кипр, Шри-Ланка, Филиппин давлатларининг номи ҳам ороллар номини англатади.