Ўзбекистон сиёсий партиялари сешанба куни ўз сайтларида номзодларининг сайловолди дастурларини эълон қилди.

Ўзбекистон «Адолат» Социал-демократик партиясидан номзод Наримон Мажидович Умаровнинг сайловолди дастури шундай номланди: «Куч — адолатда!»

Тарихан қисқа давр – мустақиллигимизнинг чорак асри давомида юртимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат яратиш, адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакатимиз барқарор ва изчил ривожланиб, демократлаштириш ва модернизациялаш жараёнлари тобора чуқурлашиб бормоқда.

Улкан қийинчиликларга, айниқса, мустақил тараққиётимизнинг дастлабки йилларида енгиб ўтишга тўғри келган муаммолар, таҳдид ва синовларга қарамасдан, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида, мамлакатимизда мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш борасида юксак марра ва натижаларга эришилди. Бу йиллар ичида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 6 баробар ўсди. Бугунги кунда мамлакатимиз илгариги қолоқ, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан, аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифати изчил юксалиб бораётган, иқтисодий салоҳияти тобора ортиб, жадал суръатлар билан тараққий этаётган замонавий индустриал давлатга айланди.

Жумладан, аҳолининг реал даромадлари 12 баробардан зиёд кўпайди, иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақалар салмоқли даражада ошди. Ҳар йили Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хўжалик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ бошқа соҳаларни ривожлантириш учун йўналтирилмоқда. Жаҳон амалиётида кам учрайдиган бундай кўрсаткичлар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон туриши, уларнинг бош мақсади инсоннинг ҳаётий ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоялашга қаратилганидан далолат беради. Энг муҳими, ўтган давр мобайнида фуқароларимизнинг ижтимоий онги ва сиёсий фаоллиги сезиларли даражада ошди.

Истиқлол йилларида ҳаётга тадбиқ этилган ислоҳотлар ва уларнинг юксак натижаларини эътироф этган ҳолда, биз мамлакатимизнинг бундан кейин ҳам изчил тараққий этиши, ривожланган замонавий демократик давлатлар қаторига кириши тарафдоримиз. Шу билан бирга, халқимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратишга қаратилган янги вазифаларни, марраларни белгилаш ва уларга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтаришимиз лозим, деб биламиз ва шунинг учун партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, парламентда ўзини мухолиф деб эълон қилган куч сифатида сайловчиларга муқобил дастуримизни таклиф этмоқдамиз. Зеро, биз яшаётган мураккаб, глобаллашув асрида эришилган натижалар билан кифояланмасдан, даврнинг тобора ортиб бораётган талабларига уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб қадам ташлайдиган мамлакатгина муваффақият қозониши мумкин.