Ўзбекистон сиёсий партиялари сешанба куни ўз сайтларида номзодларининг сайловолди дастурларини эълон қилди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» Демократик партиясидан номзод Сарвар Садуллаевич Отамуратовнинг сайловолди дастури «Миллий манфаатлар — ҳар нарсадан устун!» дея номланган.

Ўзбекистон бугунги кунда мустаҳкам сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тизимга эга замонавий давлат сифатида дадил ривожланиш йўлидан бормоқда. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда кенг миқёсда ислоҳотлар амалга оширилди. Халқимиз қалби, онгу тафаккурида фуқаролик ҳисси ва масъулияти ҳамда юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси кучайиб бормоқда. Фуқаролик жамияти институтлари таъсири ошиб, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари жамият ва давлат қурилиши жараёнида фаол иштирок этишлари учун қулай ташкилий, ҳуқуқий ва бошқа зарур шароитлар яратилди.

Халқаро миқёсда эътироф этилиб, бугунги тараққиётимизнинг ҳаётий дастурига айланган беш тамойил асосида ислоҳотлар бардавомлигини таъминлаш, бошланган улуғвор ишларга жўшқин суръат бахш этиш учун мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизга эришишда тўпланган тажрибалар, улкан тарихий, маданий, бой маънавий-ахлоқий қадриятлар ва анъаналар асосида жамиятда юксак ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни мустаҳкамлаш ҳамда маънавий юксалишга эришиш зарур деб ҳисоблаймиз.

Бизнинг мақсадимиз — миллий тикланишдан миллий юксалишга эришиш ғоясини амалга ошириш, ички сиёсатда иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига, халқимизнинг фаровонлиги ошишига эришиш, мамлакатимиздаги тинч­лик ва осойишталикни мус­таҳкамлаш, ташқи сиёсатда миллий манфаатларни ҳимоялаш ва мақсадли илгари суриш, Ўзбекистон халқининг миллий-маданий ва маънавий-ахлоқий қадриятлари, урф-одатларини сақлаш ва бо­йитишдир.

Ана шундай эзгу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифаларни ҳал этиш зарур:

I. МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДА эришилган ютуқларни мус­таҳкамлаш ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз. Чунки ўзлигини англаган, қадрият ва анъаналарини эъзозлаган, тарихий хотирасини асраган халқ иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар тараққиётга юз тутади.

Биз доимо миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғусини мустаҳкамлаш масалаларига устувор аҳамият берганмиз ва бундан буён ҳам ушбу ҳаётий масалалар диққат марказимизда бўлади.