Ўзбекистон | 16:22 / 03.11.2016
15659
2 дақиқада ўқилади

Рустам Азимов Бишкекда Афғонистон делегацияси билан музокара ўтказди

Фото: Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати

Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов ва Афғонистон бош вазири Абдулла Абдулла Бишкекда икки томонлама музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

Учрашув Бишкекда ўтаётган ШҲТ давлатлари ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида бўлиб ўтди. Томонлар савдо-иқтисодий, транспорт ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни келгусида ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда Афғонистон делегациясининг Ўзбекистонга ўтган ҳафтада амалга оширган турли даражадаги ташрифлар ва эришилган келишувлар натижаларига юқори баҳо берилди. Томонлар Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарини узвий мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдиришди.

Бундан аввалроқ, Рустам Азимов ШҲТ ҳукумат раҳбарлари йиғилишида қатнашиб, унинг бошчилигидаги делегация Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида иштирок этиши маълум қилинган эди.

Тор доирада бўлиб ўтаётган учрашувда, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия ва Тожикистон бош вазирлари иштирок этишмоқда. Кенгайтирилган тартибда бўлиб ўтадиган учрашувда эса кузатувчи давлатлар делегациялари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда ШҲТ Котибияти ходимлари ҳам иштирок этади.

Ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳукумат раҳбарлари ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий масалаларини муҳокама қилади.

Йиғилиш якунида 10га яқин ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.

Мавзуга оид