Фан-техника | 14:48 / 10.11.2016
10329
2 дақиқада ўқилади

GM концерни ишлаб чиқариш жараёнига тузатишлар киритишига нима сабаб бўлмоқда? 

Фото: Autopro

Американинг General Motors концерни АҚШда жойлашган иккита ишлаб чиқариш бирлашмасига оид режаларига тузатишлар киритди. Унга кўра, келаси йилнинг январидан бошлаб Lordstown (Оҳайо штати) ва Lansing Grand River (Мичиган штати) заводларида учинчи сменадан воз кечади. Шу билан 2 мингдан ортиқ ишчини вазифасидан озод этади. Оҳайодаги заводда Chevrolet Cruze седани ишлаб чиқарилса, иккинчисида Chevrolet Camaro, Cadillac ATS ва CTS моделлари йиғилади.

Ходимлар сонини ва ишлаб чиқаришни қисқартириш юқорида номлари санаб ўтилган моделлар савдосининг маҳаллий бозорда пасайиши билан боғлиқ. GM концернининг маълум қилишича, америкалик харидорлар эндиликда йўлтанламас ва пикапларни кўпроқ харид қилишмоқда. 

Шу билан бир вақтда ишлаб чиқариш режасига киритилган тузатишга кўра, компания «янги маҳсулот дастури»га 900 млн доллар сармоя киритишни режалаштирган. Хусусан, Мичигандаги Lansing Grand River заводига 211 миллион доллар маблағ ётқизилади. Оҳайо штатидаги корхонага янги авлод узатмалар қутисини ишлаб чиқариш учун маблағ киритилади. 

Бундан аввал, GM концернининг Теннеси штатидаги заводида, аксинча учинчи смена йўлга қўйилиши, унда 650 янги иш ўрни пайдо бўлиши ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Ушбу ишлаб чиқариш майдончасида Қўшма Штатларда талаб юқори бўлган Cadillac XT5 ва GMC Acadia каби йўлтанламаслар йиғилади. 

Мавзуга оид