ЎзА мухбири мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёни билан танишаётган халқаро кузатувчи, Болтиқ халқаро академияси проректори Инна Стетсенко билан суҳбатлашди.
– Инна Петровна, айтингчи, Ўзбекистон Президенти сайловида сиёсий партияларнинг роли оширилгани қандай аҳамиятга эга?
– Ўзбекистонда Президент сайловида сиёсий партияларнинг роли оширилгани демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган принципиал қадамлардан биридир. Ушбу сайлов жараёнида сиёсий партияларнинг сайловда қатнашиши учун қонун асосида енгиллик берилган.
Мамлакатингизда конституциявий асосда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципи мавжудлиги ҳам улар ўртасидаги муносабатларда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлайдиган самарали тизим барпо этилганини кўрсатади. Бундан келиб чиқадики, ҳар бир соҳа ўз иши билан мустақил равишда, чуқурроқ шуғулланади ва ўз йўналишида кўпроқ ютуқларга эришади ва бу мамлакат ривожида муҳим ўрин тутади.
Мавжуд тўртта сиёсий партия ҳам ўз йўналиши ва мақсадларига эга. Сайлов кампанияси жараёнида уларнинг барчасига қонунга мувофиқ тенг ва кенг шарт-шароит яратилган. Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятининг бир неча ҳудудларида бўлганимда бунинг амалий ифодасини кўрдим.
Ўзбекистонда ушбу соҳада қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар сайловнинг адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик принциплари асосида ўтишига шароит яратган.

– Президентликка номзодлар ўртасида рақобат муҳитини қандай баҳолайсиз?
– Сайлов жараёнида соғлом рақобат энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Сайлов кампанияси давомида барча партиялардан кўрсатилган номзодларга бир хил шарт-шароит таъминлаб берилгани, бу жараённинг мониторинг қилиб борилаётгани, бунга нафақат миллий, балки хорижий кузатувчи ва экспертлар ҳам жалб этилгани энг юқори демократик талабларга мувофиқ келади.
Қаерда сайловга оид реклама воситалари, баннерлар бўлса, барчасида тўртта номзоднинг бир хил даражада тарғиб этилаётганини кузатиш мумкин. Уларнинг ҳеч бирига алоҳида ёндашув ёки қандайдир чеклашлар мавжудлигини учратмадим.
– Сайлов участкаларининг фаолияти сизда қандай таассурот қолдирди?
– Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида, Ховос туманида ўнга яқин сайлов участкасида бўлдим. Барча сайлов участкаларида юксак даражада тайёргарлик ишлари амалга оширилган. Уларни бемалол инновацион участкалар, деб аташ мумкин. Чунки сайлов участкалари барча зарур техника ва ахборот-коммуникация воситалари билан тўлиқ таъминланган.






