Жамият | 14:54 / 03.12.2016
20605
2 дақиқада ўқилади

Тўрт метрли бўғма илон уч буғуни паққос туширди

АҚШда узунлиги тўрт метрдан ошиқроқ бўлган бўғма илон ушланди. Унинг ичида эса учта буғунинг қолдиқлари топилган. Бу ҳақда Seeker нашри хабар бермоқда.

Йирик судралиб юрувчи Флорида ярим оролининг жанубида жойлашган Эверглейд табиат қўриқхонасида аниқланган бўлиб, унинг узунлиги 457 сантиметр келган. Миллий боғ ходимлари жониворни ушлаб, ўлдиришга мажбур бўлишди.

Бўғма илоннинг ичида эса йирик оқ думли буғу ва иккита кичик буғу боласининг қолдиқлари топилган. Буғунинг тахминий оғирлиги 45 килограмм бўлса, кичик жониворлар 17 ва 13 килограмм келган.

Олимларнинг тахминича, илон уларни ушлаб олиб, бўғиб ўлдирган ҳамда уч ой давомида аста-секинлик билан ютиб борган. Афтидан улар сув ёқасида қўлга туширилган.

“Агарда бўғма илон уч буғуни уч ойда ейиши мумкин бўлса, у яна нимани истеъмол қилиши ҳақида тасаввурга ҳам эга эмаслигимиз ойдинлашади”, - деди тадқиқот муаллифларидан бири, биолог Скотт Бобэк.

Маълумот учун, одатда қора бўғма илон 3,7 метргача бўлиши мумкин. Бу жониворлар орасидаги рекорд эса 5,74 метрга тенг бўлган илонга тегишли.

Мавзуга оид