Жаҳон | 08:30 / 14.12.2016
7412
1 дақиқада ўқилади

Қатарда иш берувчиларга меҳнат мигрантлари ҳаракатланишини чеклаш тақиқланди

Фото: Reuters

Қатарда иш берувчиларга ёлланма хорижлик ишчилар ҳаракатига чеклов ўрнатишга рухсат берган “кафала” тизими расман тақиқланди. Бу ҳақда The Guardian ёзмоқда.

Таъкидланишича, қонунчиликдаги ўзгариш 13 декабрдан куч кирган. Маҳаллий ҳукуматнинг фикрича, янгилик ишчилар эркинлиги ва ҳимоясини кучлироқ кафолатлайди.

Нашрнинг ёзишича, кафала тизими Форс кўрфазининг кўплаб мамлакатларида қўлланилади. Унинг асосий мақсади – ишчи мигрантлар устидан назорат ўрнатишдир. Тизим асосан Ҳиндистон, Непал ва Шри-Ланка давлатларидан келган ишчиларга нисбатан қўлланилиб, у иш жойини ўзгартириш ёки мамлакатни рухсатсиз тарк этишга тўсқинлик қилади.

Маълумот учун, Қатар меҳнат қонунчилиги давлат футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритганидан сўнг жиддий танқидга учради. Бироқ, Amnesty International вакилларининг таъкидлашича, янги қонунчилик мамлакатдаги ишчилар ҳуқуқи билан боғлиқ муаммоларни етарли даражада ҳал этмайди.
 

Мавзуга оид