2 сентябрь куни ўтказилган очилиш маросимида Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда Қатар музейлари кенгаши раиси Шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний қатнашди.
Таъкидланишича, ушбу экспозицияда Ўзбекистон музейлари ҳамда Қатар коллекцияларидан ўрин олган ноёб экспонатлар жамланган. Хусусан, улар орасида Ислом дини тарқалишидан аввалги асрлар ва Сомонийлар, Темурийлар давларидан то бугунги кунгача бўлган тарихий босқичларни қамраб олган нодир осори-атиқалар, анъанавий ҳунармандчилик ва тўқимачилик санъати намуналари бор.



“Бу — Қатар халқи ва унинг меҳмонларини бой тарихимиз ҳамда меросимиз билан яқиндан таништириш учун қулай имконият, шунингдек, Ўзбекистон-Қатар маданий алоқаларини янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир”, — дея ёзди Саида Мирзиёева.



Қайд этилишича, мазкур музейда 7 нафар ҳунарманднинг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро бўйлаб ижодий сафари якунларига бағишланган “Экташиф Ўзбекистон” кўргазмаси ҳам ўз ишини бошлаган.
Унда Ўзбекистоннинг бой маданияти, анъаналаридан илҳомланган усталар томонидан яратилган нозик заргарлик буюмлари, хаттотлик санъати намуналари, нафис гиламлар ҳамда сафар таассуротларини акс эттирувчи фотосуратлар жамланмаси намойиш этилмоқда.










