2 декабрь куни Токио шаҳридаги Япония Бош вазири қароргохида ҳамюртимиз Фахриддин Эргашев меҳмон бўлди. Токио чет тиллари университетида давлат гранти асосида таҳсил олаётган Фахриддин олийгоҳнинг чет эллик талабалари вакили сифатида Япониянинг биринчи хоними (яъни Бош вазир Шинзо Абэнинг рафикаси) Акие Абэ билан учрашди.

Ўзбекистонлик талаба мазкур учрашув ҳақидаги таассуротлари ва ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

"Акие хоним билан бўлиб ўтган учрашувда Япониянинг турли университетлари (жумладан мен таҳсил оладиган Токио чет тиллари университети, Токио , Васэда , Кеио, Хоккайдо, Хитоцубаши, Киото университети)дан жами 10 нафарга якин талаба иштирок этди. Ўрта Осиё мамлакатларидан фақат Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этдим. Акие Абэ хоним билан биргаликда тушлик килиб, турли мавзуларда суҳбатлашдик.

Қувонтирган жиҳати, Акие хоним Ўзбекистон ҳақида жуда илиқ фикрлар билдириб ўтди. Яқин бир йил ичида хоним (2015 йилнинг октябрь ва 2016 йилнинг август ойида) Ўзбекистонга икки марта ташриф буюрди. Ватанимиз , меҳмондўст халқимиз, одамларнинг юзидаги самимийлик ва хурсандчилик жуда катта таассурот қолдирганини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, 1966 йилда Тошкентда бўлиб ўтган зилзиладан омон қолган япон асирлари томонидан қурилган "Навоий опера ва балет театри"нинг маҳобати ва ҳукумат қайта таъмирлашидан сўнг янада чирой очганидан ҳайратга тушганини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, совет иттифоқи давридаги қийинчиликларга қарамасдан шу кунга қадар ободонлаштирилиб келинаётган Яккасарой туманидаги Япон асирлари қабристонига ҳар сафар ташриф буюриши, қабристоннинг озодалигини кўриб доим ўзбек халқидан миннатдор бўлишини айтиб ўтди.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг жадал суръатларда ривожланиб бораётгани, шаҳарларнинг янада замонавийлашиб, янада чирой очаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Мустақиллик йилларида икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқалари ривожланиб келаётгани, кунчиқар мамлакат Япония ва серқуёш ўлка Ўзбекистоннинг турли соҳаларидаги алоқалар янада мустаҳкамланиб боришидан умидвор эканлигини қайд этди.

Япониянинг биринчи хоними томонидан жаннатмакон юртимиз ҳақида билдирилган бундай эътирофдан Ўзбекистон фарзанди сифатида жудаям бошим осмонга етди.