Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!
Ҳар бир миллат, элат ва дин вакилларининг ўзларига хос ва мос бўлган турли туман байрамлари бор. Албатта, бу байрамларнинг ичида соф диний бўлган байрамлар, ҳамда ҳар бир миллат ва юрт вакиллари тарихидаги қандайдир воқеалар, ота-боболарига, урф-одатларига тааллуқли бўлган байрамлар ҳам бор. Мана шундай байрамларнинг ичида, ҳозирги кунда дунё бўйича энг оммавий нишонланадиган байрамлардан бири – «янги йил» номли байрамдир.
Бу борада, албатта ҳеч қандай шак-шубҳасиз, бутун дунё халқларини ўзига жалб қилган байрам, милодий ҳисоб-китоб бўйича йил санасининг бошланишидир. Бу янги йилни дунёнинг аксарият халқлари нишонлайди. Ҳаттоки, бу борада уларнинг миллати ва элати, дини ва урф-одатлари ҳам аҳамиятга эга бўлмай қолади. Чунки, ҳозирги кунда дунё миқёсида асосан истеъмолда бўлган тақвим – милодий тақвим десак, янглишмаган бўламиз. Биз эса, янги йил ва унга тегишли бўлган баъзи бир маълумотлар, уни кутиб олишлик, қандай нишонлашлик тартиблари тўғрисида қуйида бир оз сўз юритмоқчимиз.
Албатта, ҳар бир нарсани, хоссатан миллионлаб одамлар иштирок этадиган ва нишонлайдиган байрамларни ҳам ўзига яраша низоми, тартиби ва одоби бўлиши керак. Бу борада эса, ушбу байрамни нишонлаётган миллат ва элатлар, ўзларининг шарт-шароитлари ва урф-одатларига мувофиқ, кўнгилхушлик қилишнинг турли туман навларидан фойдаланиш билан ўтказадилар.
Масалан, баъзи бир миллатлар янги йилни кутиб олиш арафасида барча эски нарсалардан воз кечадилар, яъни уйдаги ҳар хил жиҳозлар, идиш товоқлар ва баъзи бир либосларни ҳам ташлаб юборадилар.
Баъзилар эса, янги йилда янги уй-жойга кўчишлик, агар бунинг имконияти бўлмаса, яшаб турган уй-жойини янгидан таъмирлаш билан кутиб олади.
Яна баъзилар эса, янги йилда фақатгина ширинлик тарқатиш ва уни истеъмол қилишлик билан кутиб олишади. Бошқа бирлари, янги йилни ҳар хил мусобақалар ўтказиш билан кутишади.
Ҳозирги кунда эса, дунё халқларида янги йилни асосан мушакбозлик билан кутиб олишлик анъанага айланган. Бунинг натижасида ҳар хил тан жароҳати олганлар бўлади ва кўплаб ёнғин ҳодисалари содир этилади.
Умумий олиб кўрадиган бўлсак, юқоридаги ҳолатларни амалга оширувчи барча одамлар, айнан янги йил кечасида зиёфат дастурхони атрофида йиғилишиб, соат миллари ўн иккига бонг уришини интизорлик билан кутиб турадилар. Деярли ҳаммаларининг қўлларида маст қилувчи ичимликлар билан тўлдирилган қадаҳлар бўлиб, уларнинг ҳар бири «яхши ниятлар, истак ва тилаклар билан» қадаҳ кўтарадилар. Шу кечаси мазкур байрамни нишонлаётганлар учун, гўёки кўнгиллари тусаган ҳар қандай ишни қилишликка рухсат берилади ҳамда байрам куни бўлганлиги учун бу ишларнинг ҳеч қайси бири қораланмайди, назорат қилинмайди, балки: «Ҳа энди байрам куни-да», деган шиор билан улардан кўз юмилади.











