Ўзбекистонда мустақил халқаро арбитраж суди пайдо бўлиши мумкин
Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистонда халқаро тижорий арбитраж институти ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу лойиҳа Савдо-саноат палатаси томонидан ишлаб чиқилган ва айни вақтда Ягона интерактив давлат хизматлари порталига муҳокама учун жойлаштирилган.
"Арбитраж судининг асосий тамойиллари ҳакамларнинг мустақиллиги ва холислиги, арбитраж ҳукмининг якунийлиги ва мажбурийлиги, томонларнинг тенг ҳуқуқлиги ҳамда арбитраж ишларида кўрилган маълумотларнинг сир сақланишидир", — дейилади ҳужжатда.
Бу орқали маҳаллий ширкатларнинг хорижий ҳамкорлар билан чиқадиган низоларини ҳал қилишнинг самарали механизмини яратиш имконига эришиш мумкин бўлади.
Ҳужжатда қайд этилишича, арбитраж судини ҳукумат ва бошқарув органлари ташкил этиши мумкин бўлмайди. Арбитраж суди таркиби 25 ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқаролари ёхуд фуқаролиги бўлмаган шахслардан таркиб топиши мумкин.
Ҳужжатда арбитраж жараёнининг барча босқичлари — томонларнинг арбитраж шартномасининг тузиши, арбитраж қарорини ижро этишда унинг шартлари, тан олиниш тартиблари ва ўтказилиши бўйича регламентлар кўзда тутилган.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси январь ойининг биринчи ярмида тугалланади ва қонун апрелдан кучга кириши мумкин.
Маълумот учун, Ўзбекистон хорижий инвесторлар билан чиқадиган низоларни ҳал қилишда 1965 йилда қабул қилинган Вашингтон конвенциясига амал қилади. Ўзбекистон ратификация қилган мазкур конвенцияга биноан хорижий сармоядор билан давлат ўртасида чиқадиган низолар юзасидан томонлар қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Қайта қуриш ва тараққиёт Халқаро банки қошидаги арбитраж судига ёки бошқа халқаро ҳакамлик судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Бунда, албатта, ҳар қандай низо халқаро арбитражда кўриб чиқлишига оид банд томонлар имзолаган шартномада тегишли тарзда белгиланган бўлиши керак. Ёки низолашувчи томонлар, низо халқаро арбитражда ҳал қилинишига ёзма тарзда розилик беришлари керак.
Халқаро арбитраж судига мурожаат қилган хорижий ширкатларга Британиянинг Oxus Gold, Исроилнинг Metal-Tech, Ҳиндистоннинг Spentex Industries Ltd., Жанубий Кореянинг Kabool textiles каби ширкатларини мисол қилиш мумкин.
Собиқ Иттифоқ давлатлари орасида Халқаро тижорат арбитражи тизимлари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Украина каби мамлакатларда ташкил қилинган.
Мавзуга оид
21:44 / 19.11.2024
Канадада собиқ адлия вазирига суиқасднинг олди олинди
22:11 / 19.07.2024
2024 йилнинг дастлабки 6 ойида 10 мингдан ортиқ шахс озодликдан маҳрум этилди
22:45 / 01.06.2024
“Халқ пули, халқ мулки деган нарса йўқ” – Салоҳиддин Нуриев
11:43 / 25.05.2024