Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 январда Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашди. Унда Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, прокуратура органлари масъул ходимлари ва фахрийлари иштирок этди. Бу ҳақида ЎзА хабар берди. 

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 19 декабрдаги қонунига мувофиқ, 8 январь Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни этиб белгиланди. Бу прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилади. 

"Сизларни 8 январь – Прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман", – деди Президентимиз. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлардан бири прокуратура органларидир. 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Суд-ҳуқуқ тизими тубдан ислоҳ қилинди. 

"Эришилган ютуқлар ўзимизники, унга маҳлиё бўлиб ўтириш бизга ярашмайди. Бугун сизлар билан олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида гаплашиб олмоғимиз лозим, - деди давлатимиз раҳбари. - Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, адолатсизликка чидай олмайди. Жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни катта бўлмоғи керак. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, уларнинг самарадорлигини юксалтиришда қонуний асосларни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишлар мамлакатимизнинг ҳар томонлама тараққий этишига хизмат қилаётир. Давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича қилинган ишлар дунё ҳамжамиятининг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда. 

Прокуратура органлари ходимларининг иши катта масъулият, фидойилик, ҳалолликни талаб қилади", - деди Президентимиз. Қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон тақдири туради. Шундай экан, етти ўлчаб бир кесиш бу борада асосий мезон бўлмоғи шарт. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги оширилган.