Жаҳон | 17:14 / 16.01.2017
26837
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон транспорт вазирлиги Boeing 747 қулашига оид илк тахминини эълон қилди

© REUTERS/Vladimir Pirogov

16 январь куни Бишкекнинг Манас аэропорти яқинида ҳалокатга учраган Туркиянинг Boeing 747 самолёти қўниш майдонидан учиб ўтган ва фюзеляжи билан тўсиқлардан бирига тегиб кетган. Шундан сўнг, ҳаво лайнери аэропорт яқинидаги аҳоли қўрғонига қулаб тушган. Бу ҳақда, Жогорку Кенешнинг транспорт, коммуникациялар, архитектура ва қурилиш бўйича қўмитаси раиси Марат Аманкулов 24.kg агентлигига маълум қилган.

"Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт шарқдан ғарбга йўналган ҳолда 255-курс бўйича қўниш учун пасайган, аммо, қўниш йўлагидан учиб ўтган ва фюзеляж билан тўсиққа урилган, сўнгра дача қўрғонига қулаб тушган. Аланга бартараф этилган, ҳалок бўлганларнинг аниқ сони маълум эмас", - дея Аманкулов сўзларини келтиради агентлик. 

Аввалроқ, Қирғизистон фуқаро авиацияси агентлиги раҳбари ўринбосари Бакит Жунушалиев самолёт номаълум сабабларга кўра, иккинчи давра учун ҳавога кўтарилишга урингани ҳақида гапирган эди. 

Транспорт вазирлигининг таъкидлашича, самолёт Ҳонгконгдан Бишкек орқали Истанбулга тижорат парвозини амалга ошираётган бўлган. "Парвоз 4+1 жадвали бўйича, яъни 4 нафар экипаж аъзоси ва бир кузатувчи иштирокида амалга оширилган. Кузатувчи ушбу бортда бўлгани ҳозирча номаълум", - деган Жунушалиев. 

Туркиянинг MyCargo Airlines компаниясига тегишли самолёт Дача-Суу қўрғонига қулаб тушган. Бунинг оқибатида 43 та ҳовли-жойдан 32 таси зарарланган ёки бутунлай вайрон бўлган. Сўнгги маълумотларга биноан, 37 киши ҳалок бўлган. Фожиа жойида қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда. 

БИШКЕКДА САМОЛЁТ ҚУЛАШИ >>>

 

Мавзуга оид