Жорий йил 21 январь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2016 йилдаги фаолияти сарҳисоби, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг бориши, истиқболдаги вазифа ҳамда лойиҳаларни белгилашга бағишланган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Ҳайъат йиғилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, ҳар тарафлама ва танқидий таҳлил руҳида ўтди.

Жумладан, йиғилишда қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси экани таъкидланди. Унда ҳисобот даврида соҳа корхоналари томонидан эришилган натижалар танқидий ўрганилиб, йўл қўйилган камчиликлар, мавжуд муаммолар қайд этилди.

Мамлакат ҳудудида ахборот технологияларининг ривожланиши ва татбиқ этилиш ҳолати ўрганилиб, жойларда "электрон ҳукумат" тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги қониқарсиз экани таъкидланди. Жумладан, бу бўйича вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах ҳамда Фарғона вилоятлари бўлинмалари раҳбарлари фаолияти танқид остига олиниб, ташаббускорликнинг етишмаслиги, вазифаларни ўз вақтида бажармаслик, АКТ ҳамда кенг полосали телекоммуникация хизматларининг жорий этилишида етарлича назоратнинг ўрнатилмагани қайд этилди.

Ҳудудларда АКТни жорий этиш мақсадида вилоят ҳокимликлари қошида "Компьютерлаштириш маркази" давлат унитар корхоналари ташкил этилган эди. Аммо, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан мазкур марказлар билан ҳамкорлик натижадорлиги ва самарадорлиги замонавий талабларга умуман жавоб бермайди. Шу муносабат билан, йиғилишда ушбу марказлар фаолиятини тубдан яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси берилди.

Шунингдек, тизимда юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳолатига алоҳида диққат қаратилди. 2016 йилда вазирликка 3835 та мурожаат келиб тушган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали 2760 та, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг виртуал қабулхонаси орқали 318 та, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 367 та, шунингдек ёзма шаклда 390 та мурожаат келиб тушган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудлар кесимида мурожаатларнинг аксарияти Тошкент шаҳри (жами мурожаатларнинг 44 фоизи), Тошкент вилояти (14 фоиз) ҳамда Фарғона вилояти (6 фоиз) ҳиссасига тўғри келади. Йиғилишда фуқаро мурожаатлари бўйича ишлашда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, ижро-интизомининг бузилиш ҳолатлари кўрсатилди.