Жаҳон | 15:36 / 30.01.2017
22667
2 дақиқада ўқилади

“Уларда нон йўқ бўлса, торт ейишсин”: Иванка Трампнинг 5 минг долларлик либосини қочқинлар эгнидаги кийим билан солиштиришди

АҚШ президенти қизи Иванка Трамп муҳожирлар билан боғлиқ “тартибсизлик” авжига чиққан бир пайтда қиммат либос кийгани учун танқид остига олинди. Бу ҳақда Yahoo Style хабар берди.

Аввалроқ мамлакатда қочқинлар ва етти давлат фуқароларини АҚШга кириб келишини тақиқловчи фармон кучга киришни бошлади. Бу Қўшма Штатларда норозилик намойишлари ўтказилишига сабаб бўлди.

Ўз навбатида, Трамп эса турмуш ўртоғи Жаред Кушнер билан бирга тургани тасвирланган фотосуратни тақдим этди. Бу ижтимоий тармоқларда кўплаб салбий фикрлар билдирилишига туртки берди: баъзи бир фойдаланувчилар сўзларига кўра, эр-хотин қочқинлар ҳаёти ва хавфсизлиги сўроқ остида турган бир пайтда қиммат либосни хуш кўришларини кўрсатмоқчи бўлишган.

Баъзи бир маълумотларга кўра, Иванка эгнидаги либос 5 минг доллар туради. Бир қатор шарҳловчилар бу либосни қочқинлар кийиб юришга мажбур бўлаётган кийим билан таққослашган бўлса, бошқалар аёлни Франция қироличаси Мария-Антуанетта билан солиштиришди. Антуанетта ўз халқининг жабр-зулм кўраётгани ҳақидаги фикрларга: “Уларда нон йўқ бўлса, торт ейишсин” деб жавоб берган.

 

Мавзуга оид