Тошкентда нуфузли ACIBADEM (Туркия) халқаро клиникаси консультатив марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Эндиликда Ўзбекистон аҳолиси жаҳонга машҳур, етакчи экспертларнинг тиббий хизматларидан фойдаланиш ёки масофавий консультация олиш имконига эга бўлади.
Очилиш маросимидан аввал ўтказилган матбуот анжуманида ACIBADEM клиникалар тармоғининг МДҲ мамлакатларида инвестиция ва бизнесни ривожлантириш бўйича бўлим раҳбари Мурат Пекмезўғли, Туркиянинг етакчи гематологи, мия суягини кўчириб ўтказиш бўйича мутахассис Эржумент Овали, профессор Сирет Ратип, ACIBADEM'нинг Ўзбекистондаги расмий вакили Искандар Шамсиев сўзга чиқди. Шунингдек, халқаро мутахассислар ва клиника вакиллари янги ахборот марказининг мақсад ва вазифалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди.
ОАВ ходимлари эса ташкилотчиларга тўғридан-тўғри саволлар беришди.

Мурат Пекмезўғли, ACIBADEM клиникалар тармоғининг МДҲ мамлакатларида инвестиция ва бизнесни ривожлантириш бўйича бўлим раҳбари:
"ACIBADEM'нинг янги консультация маркази Ўзбекистон ва Туркия шифокорлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда ва уни янада ривожлантиришда янги майдон бўлишига ишонамиз. Мана шундай профессионал даражадаги тажрибалар алмашинуви икки мамлакат тиббиётининг ривожига ўз хиссасини қўшади. Ўзбекистонда тиббиёт соҳасининг юқори кўрсаткичда эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Биз диагностика ва даволаш, турли операциялар ўтказиш, шунингдек, бошқа тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича ҳамкорликда ишлаш учун қўшимча шароитлар яратганимиздан жуда мамнунмиз. Ўзбекистонлик шифокорлар учун малака ошириш ва таълим дастурларини ташкил қилиш ва бу йўналишни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратишни мақсад қилганмиз".

Абдунўмон Сидиқов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Халқаро алоқалар бўлими раҳбари:
"Ҳозирда соғлиқни сақлаш соҳасига инвестициялар киритиш, янги, замонавий тиббиёт ускуналари билан таъминлаш ҳамда юқори малакали хорижлик мутахассисларни жалб қилиш бўйича кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Хорижнинг кўплаб етакчи тиббиёт марказлари ҳамкорликда ишлаш ва Ўзбекистонда ўз филиалларини очиш истагини билдиришди. Шуни ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш жоизки, малакали мутахассислардан иборат бўлган тиббиёт марказлари нафақат пойтахтда, балки республикамизнинг бошқа вилоятларида, жумладан, Хоразм, Нукусда ҳам очилиши режалаштирилган. Мазкур марказларнинг фаолият юритишидан кўзланган асосий мақсад - юртимиздаги тиббиёт соҳаси вакилларини кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, онкология, травмотология, педиатрия каби турли йўналишларда ўқитиш ва малакасини оширишдан иборат.





























