12:11 / 10.02.2017
29474

Somon Air самолёти Тошкентда: Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 25 йил олдин тўхтаган авиақатнов қайта тикланди

Бугун, 10 февраль куни Тожикистон пойтахти Душанбедан учган самолёт Тошкентга келиб қўнди. Бу 25 йил ичида Тожикистондан Ўзбекистонга келган биринчи самолётдир. Бу ҳақда Somon Air авиакомпанияси матбуот хизмати хабар берди.

Авиакомпаниянинг бугунги рейси синов рейсидир. Авиакомпания 20 февралдан бошлаб мунтазам қатновларни йўлга қўйишни режалаштирган. 

Бугун Тошкентга келган самолётда Тожикистон авиация тизими делегацияси, журналистлар ҳамда 14 оддий йўловчилар бор эди. Душанбедан Тошкентга рейс учун чипталар нархи 140 доллар.

«Somon Air раҳбарияти Тошкент аэропорти маъмурияти ҳамда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясидаги ҳамкасблари билан рейсларнинг очилиши масаласида музокаралар ўтказади», - дейилган хабарда.

Қишки мавсум якунига қадар рейслар ҳафтасига бир марта — душанба кунларида амалга оширилади.

Ёзги парвозлар жадвалида ҳафталик рейслар сони биттага кўпайиб, душанбадан ташқари, пайшанба куни ҳам қатнов амалга оширилади. Душанбедан Тошкентгача парвоз вақти 45 дақиқани ташкил этади.

Somon Air лайнерлари Тожикистондан Германия, БАА, Туркия, Хитой, Россия ва Қозоғистонга парвозларни амалга оширади. Компания ихтиёрида Boeing 737-300, Boeing -800 ва Boeing -900 самолётлари мавжуд.

Маълумот учун, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар 1992 йилда, қўшни давлатда юзага келган нотинч вазият туфайли тўхтатилган эди.

Давлатлар ўртасида виза режими сақланиб қолмоқда.

«Сомон Эйр» Тошкентга биринчи рейс қачон амалга оширилишини маълум қилди

«Сомон Эйр» Тошкентга авиарейслар учун чипта нархларини маълум қилди

Top