Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйди.
Маълум қилинишича, Бангкок – Деҳли – Тошкент авиайўналишида Тошкент халқаро аэропортига учиб келган 2005 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси «яшил» йўлак орқали ҳаракатланган. Унга тегишли чемоданлар белгиланган тартибда текширилган.
Текширув давомида чемоданлар ичидаги шампун идишларидан умумий оғирлиги 11,8 килограмм бўлган гашиш мойи аниқланган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилган. Гиёҳвандлик воситаси Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйлардан бирининг хонадонида қолдирилган. Уни олиб кетиш учун келган вақтда Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро ҳам ушланган.
Терговга қадар текширувда аниқланишича, Таиланддан олиб келинган мазкур гиёҳвандлик воситалари Ўзбекистон ҳудуди орқали қўшни давлатга етказилиши режалаштирилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми — контрабанда билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.











