ОАВ: Қозоғистонлик жуфтлик Чингизхоннинг қабрини топганини таъкидламоқда
Жанубий Қозоғистон вилоятида яшовчи жуфтлик Сман Отеген ва унинг рафиқаси Гулжанар Олтинбек буюк саркарда Чингизхон қаерга дафн қилинганини билишларини ва ҳозирда қабрни кавлаб олиш ишларини деярли охирига етказганларини маълум қилдилар. Лекин улар ковлаш ишларини якунлаш учун Қозоғистон президентининг рухсатини кутишмоқда, деб хабар берди "Замона" нашри.
Жуфтлик Темурланг овулидан Олмаотага кўчиб ўтган. 2014 йил Гулжанар бир туш кўради, тушида бобоси Манас уни бир одам билан таништириб қўйишини, бироқ бунинг учун бир чорвани қурбонликка келтириши кераклигинини айтади. Бир қанча вақт ўтиб аёл бобоси Манас айтган одамни кўради ва у Чингизхон бўлиб чиқади.
Чингизхон аёлга ўзининг кўмилган жойини кўрсатади ва бу жой Арис шаҳри жанубидаги Лесхоз қишлоғи ёнидаги жой бўлади. Жуфтлик у ерга ўтган йил апрель ойида бориб, кавлаш ишларини бошлаб юборадилар. Маълумки, бу ерларда машҳур Майки-бий кўмилган.
Кавлаш ишлари турли сабабларга кўра тўхтаб турибди. Чингизхон қабрига етиш учун тахминан 30 см. қолган, лекин у ёғига кавлашга рухсат йўқ.
Гулжанар Чингизхон унга тушида бунинг учун унга Қозоғистон президентининг рухсати кераклигини айтган.
Агар Нурсултон Назарбоев кавлаш ишларига рухсат берса, унда мамлакатда яхши томонга ўзгаришлар бўлади. Мамлакатда коррупция ва бузуқлик бошқа бўлмайди.
"Мен шу ерда ётибман, мени ер сиртига олиб чиқинг. Мен мўғул эмасман, мен қиёт авлодиданман. Менинг ота-онам – қозоқлар, рафиқам эса қўнғирот авлодидан", деб айтган саркарда аёлга.
Журналистлар жуфтлик айтаётган жойга бориб, у ерда ярмига тўсиб чиқилган ҳудудни кўришган. 12 метр чуқурликда туннел кавланган бўлиб, пастга тушаётганда шифобахш сувли булоқни кўриш мумкин.
Булоқдан кейин бошланадиган туннел бўйлаб эмаклаб юриш мумкин. Қазиш вақтида ғалати ёзувлар, мисол учун тушунарсиз "Х16" ёзуви учраган. Сал нарироқда эса "2017" ёзуви чиққан.
Сманнинг айтишича, Амир Темур қабри очилганда, Иккинчи жаҳон уруши бошланган. Унинг фикрича, Амир Темур қабри ҳукуматнинг расмий рухсатисиз очилгани шундай оқибатларга олиб келган. Чингизхон қабрини очишда бундай бўлмайди, чунки буюк саркарданинг ўзи Элбошидан бунга рухсат беришни сўрамоқда.
Эркакнинг айтишича, президент бу ерга тезроқ келиши керак. Унинг таъкидлашича, кейинроқ бу жойда меҳмонхоналар, музей ва кафелар қурилади. Умуман олганда, бу кимсасиз жой таниб бўлмас даражада ўзгариб кетади.