АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида "ўйин қоидалари" ўзгарди. Энди Эрон манфаатлари ва хавфсизлигига қарши ҳар қандай ҳужум Эрон Ислом Республикаси томонидан “янада тезкор, қаттиқ ва оғриқли жавоб” билан қарши олиниши мумкин. Бу ҳақда Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ “ҳужумларга симметрик жавоб қайтариш даври” тугаганини тушуниши лозим. Эроннинг Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига берган сўнгги зарбалари “фақат бошланиши”, деди Ғолибоф.

Шу билан бирга, у Эрондаги мураккаб иқтисодий вазиятга ҳам тўхталди. Унинг қайд этишича, мамлакат аҳолиси валюта курсининг беқарорлиги, инфляция ва ишсизлик боис жиддий босимни ҳис қилмоқда. Ғолибоф “ички бирдамлик” ва “ташқи тийиб туриш” АҚШга қарши курашдаги “энг муҳим восита” эканлигини таъкидлади.

5 сентябр куни АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари адмирал Брэд Купер АҚШ Эронга қарши урушда ўз тактикасини ўзгартираётганини маълум қилди.

“Агар сизлар бизнинг икки кемамизга ўқ узсангиз, биз учта кемангизни “ўчириб”, сизларни янада юқори иқтисодий бадал тўлашга мажбур қиламиз”, — деди у.

Купернинг таъкидлашича, зарурат туғилганда АҚШ Қуролли кучлари Эроннинг ҳимояланмаган нефт танкерларини йўқ қилишга тайёр.

5 сентябр куни АҚШ Қуролли кучлари Харк ороли соҳили яқинида Эроннинг нефт танкерларидан бирига ракета зарбаси бериб, уни ишдан чиқарди. Бундан аввал эса, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Американинг икки ҳарбий кемасига ракета ҳужуми уюштирган. Бироқ ҳужум оқибатида кемаларга зарар етмаган.

The New York Times газетасининг АҚШ разведкаси ҳисоботига таяниб хабар беришича, Теҳрон АҚШ билан тинчлик келишувига рози бўлмоқчи эмас. Нашр манбалари танишган ҳисоботга кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан буён ярим йил ўтган бўлса-да, мамлакат ўз ҳарбий имкониятларига ишончини сақлаб қолган ва низони давом эттиришга тайёргарлик кўрмоқда.