Тутзорда иш бошлаган янги мажмуа 1 500 нафар ўқувчига мўлжалланган мактаб ва 360 нафар тарбияланувчига мўлжалланган мактабгача таълим бўлимини ўз ичига олади. Таълим жараёнида хорижий тиллар, аниқ ва табиий фанларни чуқурлаштириб ўқитиш ҳамда халқаро тажрибага эга педагогларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Янги филиалда ўқувчилар учун IB (International Baccalaureate) дастури асосида таълим олиш, физика, кимё ва биология фанларини чуқур ўрганиш ҳамда келажакда тиббиёт йўналишини танлашга тайёргарлик кўриш имкониятлари яратилган.
Ўзбекистонда фарзанди учун сифатли таълим, замонавий шароит ва келажак касбига пухта тайёргарлик излаётган ота-оналар сони ортиб бормоқда. Таълим муассасалари эса бу талабга жавобан ўз имкониятларини кенгайтирмоқда.

Шу йўналишда фаолият юритаётган Vosiq халқаро мактаби Тутзор маҳалласида янги филиалини ишга туширди. Янги ўқув маскани мактаб ва мактабгача таълим мажмуасидан иборат.
Мактаб 2017 йилда Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Дўмбиробод маҳалласида ўз фаолиятини бошлаган. Мактабнинг расмий маълумотларига кўра, шу йил мажмуа ташкил этилган.
Тутзор филиалининг очилишига бағишланган тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, туман ҳокими Сардорбек Эргашев, таълим соҳаси вакиллари, устозлар, ота-оналар, ўқувчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мактаб ва мактабгача таълим — бир мажмуада
Янги мажмуа таркибида мактаб билан бирга мактабгача таълим бўлими ҳам фаолият юритади. Мактаб қисми 1 500 нафар ўқувчига, мактабгача таълим бўлими эса 360 нафар тарбияланувчига мўлжалланган.
Бу ерда таълим жараёни боланинг ёши ва ривожланиш босқичига мос равишда ташкил этилиши кўзда тутилган.

Vosiq Xalqaro мактабининг расмий маълумотларига кўра, таълим тизимида ўқувчиларнинг қизиқишлари, ижодий салоҳияти ва индивидуал қобилиятларини ҳисобга олиш, мулоқот, таҳлилий ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратилади.


















