Айни кунларда барчанинг диққат марказида “Кўк кит” ўйини ва шу ўйинга турдош бошқа ўйинлар мавзуси бўлиб қолди. Журналистлар, блогерлар ва турли соҳа одамлари томонидан бу ҳақда жуда кўплаб материаллар, видеороликлар ва мақолалар тақдим этиб келинмоқда. Бу ўйиннинг тарихи қандай, унга илашиб қолганларни қандай ажратса бўлади ва энг асосийси ундан эмланиш учун нима қилса бўлади? Бугун имкон қадар ана шулар ҳақида сўз юритишни лозим топдик.
Фитнанинг бошланиши
Келинг, бироз олисдан бошлаймиз. 2015 йилнинг ноябрь ойларида интернет тармоғида анча шов-шувга сабаб бўлган сурат пайдо бўлди. Унда Россиянинг Уссурийск шаҳрида яшовчи 1998 йилда туғилган Рина Паленкова исмли қизнинг поезд ёнида турган сурати акс этган.

Орадан кўп ўтмай, қиз ўша ерда ўзини вагонлар остига ташлайди. Айримлар бу ҳолатни ўз жонига қасд қилиш учун тарғибот воситаси сифатида талқин этган бўлса, бошқа бировлар буни ҳақиқат, деб қабул қилди. Демак қайсидир маънода ўсмирларни ўз жонига қасд этишга даъват қилувчи ва буни интернет орқали тарғиб этувчи ҳаракат 2015 йилдан бошланган эди.
2016 йилнинг декабрь ойида Россиянинг марказий шаҳарларидан бирида 12 яшар Элина исмли қиз ўзини кўп қаватли уйнинг томидан ташлади. Қизнинг онаси бу ҳақда ўз фикрларини баён этди. Аёлнинг фикрича, бу ишда қизига кимдир ёрдам берган, унинг айтишича интернет орқали ўсмирлар онгини заҳарлаётган ёвуз кучларнинг бунга алоқаси бор.
Домига илинтирувчи тўрлар
Рина Паленкованинг ҳалокатидан сўнг, турли ижтимоий тармоқларда, жумладан, “ВКонтакте”да Ринанинг номидан гўёки “сиз навбатдагиси”, деган маънода ”F57” деган гуруҳ очилди ва оилавий ҳаёт жонига теккан, ҳиссиётга берилган, ўта таъсирчан бўлиб қолган, ўткинчи муҳаббатдан боши айланиб юрган, хуллас, ўсмир ёшидаги йигит-қизларни ўз ичига қамраб ола бошлади.
Шундан сўнг, бирин кетин “Синий кит”, “Тихий дом”, “Морекитов”, “Разбуди меня в 4:20” сингари гуруҳлар очилиб, ўсмирларни ўз ичига торта бошлади. Бу ўсмирлар орасида шу даражада оммалашдики, улар ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида бу гуруҳларга аъзо бўлиш истагини билдириб, турли ёзувлар қолдира бошлашди.
Ўйин бошланди
Эшитганда оддий кўринадиган ва ҳатто номлари ҳам кишини ваҳимага солмайдиган бу гуруҳлар аслида ҳақиқий разолат эди. Гуруҳга аъзо бўлиб кирганлар гуруҳ бошлиқларининг (куратор) вазифасини тонгги 4:20да қабул қилиб олишар, вазифа бажарилганини эса суратга ёки видеотасвирга олиб кураторларга юборишар эди. Вазифалар бошида жуда оддий эди: турли тасвирлар чизиш, тананинг бирор аъзосига гуруҳнинг номини ручка ёрдамида ёзиш, ўзини ўлдириш мумкин бўлган буюмлар: пичоқ, арқон ва шунга ўхшаш воситаларни ушлаб суратга тушиш ва ҳоказолар. Аммо... Босқчима-босқич ўтиб борилаверган сари шартлар шунчалик вахшийлашиб боради. Яъни, бармоқларга игна санчиш, лизва воситасида терини тилиш, 2-3 метр баландликдан сакраш, машиналар тез-тез қатнаётган йўллардан югуриб ўтиш, вена томирларини кесиш, кит расмини баданга қонатиб чизиш ва ҳоказолар. Бора-бора зомбига айланиб қолган ўсмир ўз жонига қасд этади ва ўйинни “қаҳрамон”ларча якунлайди.

















