Жамият | 01:16 / 13.07.2018
119129
2 дақиқада ўқилади

40 йил ичида илк бор дунёдаги энг катта жонзот ўлдирилди

Йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган, дунёдаги энг катта жонзот ҳисобланувчи кўк кит охирги 40 йил ичида биринчи бор ўлдирилди. 30 метрлик кит Исландиянинг энг бой одамларидан бири Кристьян Лофтссонга тегишли кит овловчи Hvalur HF компанияси томонидан ушланиб, ўлдирилган.

Интернетда кит овловчи компания ходимлари китнинг устига навбатма-навбат чиқиб суратга тушаётганлари видеоси жойлаштирилган. 

Лофтссоннинг таъкидлашича, унинг ходимлари кўк китни эмас, балки Исландияда овланиши ман этилмаган фин китини тутишган.

“Бироқ агар бу ҳақиқатан кўк кит бўлса, унда улар уни тасодифан ўлдиришган”, деб айтган тадбиркор.

Фото ва видеоларни кўздан кечирган биологларнинг таъкидлашича, айнан кўк кит ўлдирилган. Уларнинг айтишича, ўлдирилган китнинг белида кўк китга хос бўлган оқ доғларни кўриш мумкин. Бу масаладаги якуний нуқтани Исландия мутасадди идоралари қўядилар. Улар китни генетик текширувдан ўтказишни буюртиришган ва бу бир неча ой талаб қилиши мумкин.

1986 йилдан бошлаб кўк китларни овлаш барча давлатларда ноқонуний ҳисобланади. Бундай тақиқловга уларнинг беаёв йўқ қилиниши сабаб бўлган. Антарктика сувларининг ўзида 20-асрда 360 минг кўк кит йўқ қилинган.

Бугунги кунда ушбу жонзотлардан 10 мингдан 25 минггача бор, деб тахмин қилинади.

Кўк кит сайёрамиздаги энг улкан жонзот бўлиб, унинг узунлиги 33 метргача, оғирлиги 150 тоннагача етади.

 

Мавзуга оид