2-март куни Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га аъзо бўлганига роппа-роса чорак аср тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш номига мактуб йўллади. 

"Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Жаноби Олийларига

Муҳтарам жаноб Гутерриш!

Сизни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби лавозимидаги масъулиятли фаолиятингизни муваффақиятли бошлаганингиз билан самимий муборакбод этиш ҳамда ушбу олижаноб ва жаҳон ҳамжамияти учун ғоят муҳим бўлган ишингизда юксак омад тилаш менга катта мамнуният бағишлайди.

2 март куни биз ҳамкорлигимизнинг муҳим санаси – Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлганининг 25 йиллигини нишонламоқдамиз. Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистон мустақил тараққиётида, миллий давлатчилигимиз ва суверенитетимиз жаҳон миқёсида эътироф этилишида энг муҳим асослардан бири бўлди.

Ишонч билан айта оламанки, мустақил Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида БМТ нуфузини ошириш ва салоҳиятини мустаҳкамлашга, унинг Низомида белгиланган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшди.

Ташкилотга аъзо бўлиш мамлакатимизга тинчлик, тараққиёт ва ҳамкорлик масалаларини глобал даражада илгари суриш, замонамизнинг қатор энг мураккаб халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммоларини ҳал қилиш жараёнида фаол иштирок этиш имконини берди.

Ўзбекистон 1993 йилда илгари сурган ва БМТ кўмагида муваффақиятли амалга оширилган Марказий Осиёда Ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш ташаббуси ядро қуролини тарқатмаслик тартибини таъминлашга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.

Ўзбекистоннинг Афғонистон можаросига сиёсий йўл билан ечим топишга қаратилган Афғонистон Ислом Республикасига қурол-яроғ етказиб беришга эмбарго жорий этиш бўйича 1995 йилда ва “6+2” мулоқот гуруҳини тузиш бўйича 1997 йилда илгари сурган амалий таклифлари жуда қисқа муддатда етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган фаолиятини бирлаштиришга хизмат қилди.

Бош котиблар жаноб Кофи Аннаннинг 2002 йилда, жаноб Пан Ги Муннинг 2010 ва 2015 йилларда Ўзбекистонга ташрифлари Марказий Осиё минтақасида тараққиётга эришиш ҳамда мамлакатимиз ва БМТ ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Жаноб Пан Ги Муннинг 2010 йилда Оролбўйида бўлгани Орол фожиаси ва экологик офатга туташ минтақаларга жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини кучайтиришда муҳим роль ўйнади.