БМТнинг Ню Йорк бош қароргоҳига олиб борувчи кўчалар тадбир аввалидан омма учун тўлиқ ёпилди. Ҳаттоки кўприк, туннел ва жамоат транспортлари ҳам ҳаракатланмаяпти. Тадбирга фақат рухсатномаси борлар кириб-чиқиш ҳуқуқига эга бўлди. Қароргоҳнинг қарама-қаршисидаги кўчада эса минглаб одамлар беш кундан бери нозорилик намойишларини ўтказади. Улар асосан Исроилга қарши, Нетаняҳуни қораламоқда.
Масалан, Исроил бош вазири 24 сентябр куни БМТда нутқ сўзлади. Айнан шу куни йиғилганлар сони янада кўп эди. Улар «Нетаняҳуга ўлим», «Кимдир уни тўхтатсин», «Мусулмонлар қирғини», «Болалар қассоби» деб ёзиб олганди. Шунингдек, Нетаняҳуга қўшиб Трамп ҳам қаттиқ қораланди.
Намойишлар фақат Исроилга эмас, Хитой ва Эронга ҳам қарши. Тўпланганлар Хитойдаги коммунистик ва ҳозирги Эрондаги тузумларни чеклашни талаб қилиб чиқишган.
Кўпчилик Фаластин давлатчилиги ва Исроилнинг Фаластинга зўравонлигини қоралаб, озод Фаластин давлатини тузишни сўради. Уларнинг қўлларида ёзувлар, Фаластин байроқлари бор эди.
Намойишлар тинч ўтишини таъминлаш учун Ню Йорк полициясининг кўп сонли посбонлари қўриқлаб туришди.















