Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Тошкент шаҳридаги «Наврўз» ресторанида бўлиб ўтган тадбирда мамлакат хотин-қизларини 8 март байрами билан табриклади. Табрик матни ЎзА томонидан тақдим этилган.

Ассалому алайкум, азиз опа-сингиллар! 

Муҳтарам дўстлар! 

Аввало, сиз, азизлар билан юртимизга баҳор нафаси кириб келаётган ёруғ кунларда, Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида мана шу муҳташам кошонада учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. 

Шу қутлуғ айём – 8 март байрами билан сизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун мамлакатимиз аёлларини, муҳтарама онахонларимиз, қадрли опа-сингилларимиз, гўзал қизларимизни чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдиришга ижозат бергайсиз. 

Барчамиз учун азиз ва мўътабар бўлган аёл зоти ҳақида сўз юритар эканмиз, авваламбор, бизни дунёга келтирган, оқ сут бериб вояга етказган Она сиймоси олдида бош эгиб таъзим қиламиз. 

Ер юзида муқаддас деган сўзга энг муносиб зот бу – аввало, Онадир. Халқимиз она сиймосини доимо улуғлаб, ардоқлаб яшайди. Юртимизда оналарни шарафлаб муҳташам ҳайкаллар бунёд этилгани ҳам шундан далолат беради. 

Биз Она тимсолида Ватанимизни, унинг гўзал ва бетакрор қиёфасини кўрамиз. “Она Ватан” деган ибора бежиз айтилмаган, бунда чуқур маъно бор. Инсонни инсон қиладиган мана шундай юксак туйғу ва тушунчаларни болаларимиз қалбига ёшлигидан сингдирсак, шоирларимиз, рассомларимиз, санъаткорларимиз оналарни, аёлларни тараннум этадиган янги-янги асарлар яратсалар, нур устига нур бўлур эди. 

Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз. 

Айниқса, сиз, азизларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги ўрнингиз ва хизматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди.