Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг таклифига биноан 6-7 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 6 март куни бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари аввал яккама-якка, кейин икки мамлакатнинг кенгайтирилган таркибдаги расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар. Уларда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Қўшма баёнотни, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолашди. Икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва кимё саноати, темир йўл транспорти, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Ташрифнинг иккинчи куни Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳаммедов Туркманобод шаҳрига боришди. Бу шаҳар яқинида Амударёда қурилган Туркманобод-Фараб автомобиль ва темир йўл кўприкларининг тантанали очилиш маросими бўлди.

Автомобиль кўпригининг узунлиги - 1600, темир йўл кўпригининг узунлиги - 1750 метр. Уларни қуришда туркманистонлик ва украиналик қурувчилар иштирок этган, Германия, Норвегия технологияларидан фойдаланилган.

Президентлар кўприклар олдидаги майдонда ташкил этилган ўзбек ва туркман амалий санъати намуналари, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирдилар.

Шавкат Мирзиёев мазкур кўприклар минтақа учун геостратегик аҳамиятга эга эканини қайд этар экан, Ўзбекистонда ҳам транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, ўтган йили қурилган Ангрен – Поп темир йўли Марказий Осиёни Хитой билан темир йўл орқали боғлаганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон ва Туркманистон темир йўллари ўзаро интеграциялашиб, қайта тикланаётган Буюк ипак йўлининг муҳим бўғинини ташкил этади, минтақа ривожи ва халқларимиз фаровонлигига хизмат қилади.