23 март оқшомида ЖЧ-2018 саралаши, Жанубий Америка минтақасида 13-тур учрашувлари ўтказилди. Тур доирасида 5та учрашув бўлиб ўтди, бу учрашувларда Бразилия Уругвайни йирик ҳисобда таслим этди, Аргентина Чилидан «қасос олди», Хамеснинг голи Боливияга қарши ўйинда Колумбияга ғалаба келтирди, Венесуэла Перу билан ўйинда 2та гол устунлиги билан ғалаба қозона туриб, дуранг ўйнади, Парагвай эса Эквадор устидан қийинчилик билан ғалаба қозонди.

Бразилия Монтевидеодаги «Сентенарио» стадионида Уругвай дарвозасига 4та гол йўллади. Эндиликда Бразилия 30 очко жамғарди ва саралаш мусобақаси жадвалида катта устунлик билан етакчилик қилмоқда. Пентакампионларга йирик ҳисобда ютқазган Уругвай эса 23 очко билан иккинчи ўринда.

Аргентина эса ўз майдонида Чилини минимал ҳисобда мағлуб этди. Ягона голни ўйиннинг 16-дақиқасида Лионель Месси пенальтидан урди. Аргентиналиклар ўз очколарини 22тага етказишди ва 3-ўринда боришмоқда. Чили эса кутилмаганда 6 поғонада (20 очко).

Колумбия Боливияни кичик ҳисобда мағлуб этди. Барранкильеда кечган баҳс колумбияликлар фойдасига 1:0 ҳисобида якунланди. Беллашувдаги ягона гол Мадриднинг «Реал» клуби ярим ҳимоячиси Хамес Родригес томонидан 83-дақиқада киритилди.

Колумбия ушбу ғалабадан сўнг 21 очко жамғарди ва саралаш босқичи жадвалида учинчи ўринга кўтарилиб олди. Боливия (7 очко) 10 жамоа ичида 9-ўринни эгаллаб турибди.

Венесуэла ва Перу терма жамоалари учрашувида дуранг. Венесуэла биринчи бўлимни ўз фойдасига ҳал қилди – 2:0, голлар Микель Вильянуэва (24-дақиқа) ҳамда Ромуло Отеро (40) томонидан киритилди. Бироқ перуликлар иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштирди - Андре Каррильо (46) ва Хосе Паоло Герреро (64) ўз номини таблога ёздириб қўйишди.

Перу терма жамоаси 15 очко жамғарди ва саралаш мусобақаси жадвалида 8-ўринда қолди. Венесуэла (6 очко) эса сўнгги, 10 поғонани эгаллаб турибди.

Парагвай Эквадор устидан қийинчилик билан зафар қучди. Асунсьондаги «Дефенсорес дель Чако» стадионида кечган баҳс мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Парагвай ушбу ғалабадан сўнг 18 очко жамғариб, саралаш мусобақаси жадвалида 7-ўринда жойлашди. Эквадор (20 очко) эса 4 поғонада.