Республикада соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш давлат дастурларини амалга ошириш доирасида аҳолига онкологик тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими ташкил этилди. Онкология хизматининг ягона вертикал интеграциялаштирилган тизими яратилди, онкология муассасаларини замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда, профессионал кадрлар тайёрлашнинг замонавий илмий мактаби шакллантирилган.

Онкология муассасалари амалиётига саратонга ташхис қўйиш ва даволашнинг бир қанча замонавий усуллари жорий этилган, онкологик патология профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда, бу эса касалликнинг илк босқичларида беморларни икки баробар кўп аниқлаш имконини берди.

Бутун жаҳонда бўлгани сингари, республикада онкологик касалликлар ўсиши қайд этилмоқда. Тиббиёт фанини ривожлантиришнинг замонавий босқичи саратон касалликларининг олдини олиш чораларини янада такомиллаштиришга ва республика аҳолисига онкологик ёрдам бериш сифатини жаҳон андозалари даражасигача оширишга йўналтирилган устувор вазифалар ҳал этилишини тақозо қилади.

Аҳоли орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг самарали тизимини яратиш, онкологик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг илғор усулларини жорий этиш, республика онкология муассасаларининг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг тузилмасини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди.

1. Қуйидагилар онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

  • онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирларини такомиллаштириш, саратон касалликларини барвақт аниқлашнинг скрининг дастурларини босқичма-босқич ҳамма жойда татбиқ этиш;
  • аҳолининг ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий юқори технологияли усулларидан фойдаланишини яхшилаш, онкологик касалликларни даволашнинг юқори самарадорлигига эришиш, онкология муассасаларининг дори воситалари, реагентлар ва сарфлаш материаллари билан таъминланиш даражасини ошириш;
  • янги онкология муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, тиббиёт ускуналари, асбоблар ва инвентарь билан жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш) асосида уларнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш;
  • онкология муассасаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш соҳасида республикадаги илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва илмий ишланмаларнинг замонавий жаҳон тажрибасини миллий соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш.