Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти В.В.Путиннинг қўшма баёноти ЎзА томонидан эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 2017 йил 4-5 апрель кунлари давлат ташрифи билан Россия Федерациясида бўлди. 

Анъанавий дўстона, ишонч ва конструктив муҳитда ўтган музокараларда Президентлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирларининг манфаатларини ҳисобга олиш принципларига асосланган давлатлараро мулоқотнинг юқори даражада эканлигини тасдиқладилар. 

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражада ривожланишига имкон берадиган 2004 йил 16 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда 2012 йил 4 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни амалга оширишнинг долзарблигини тасдиқладилар. 

Президентлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги бундай муносабатларнинг муҳим таркибий қисми эканлигини таъкидладилар. Давлат раҳбарлари икки томонлама савдо айланмасини, энг аввало, юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар ва иккала томон учун қизиқиш уйғотадиган бошқа товарларни ўзаро етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига кескин оширишни таъминлаш каби фаолиятга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия фаолиятини юқори баҳоладилар. 

Президентлар Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини Россия бозорларига, шу жумладан, «яшил йўлак» тизимини жорий қилиш орқали етказиб беришни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳамкорликнинг муваффақиятли ривожини мамнуният билан қайд этдилар. 

Президентлар икки мамлакат минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни жадаллаштириш учун Минтақалараро ҳамкорликка кўмаклашиш тўғрисида битим имзоланишининг аҳамиятини таъкидладилар.