Трамп АҚШ ва НАТО Россия билан "келишиб олиши"га умид билдирди
АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Россия ҳукумати вакиллари билан Москвада бўлиб ўтган учрашувларда "АҚШ ва унинг иттифоқчилари манфаатларини илгари суриш билан" "ажойиб иш қилди". Америка президенти Дональд Трамп НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан Оқ уйда ўтказган қўшма матбуот анжуманида шундай баёнот берди.
"Мен, шунингдек, давлат котибимиз Рекс Тиллерсоннинг НАТОни мустаҳкамлашда бажарган улкан ишини ҳамда Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларининг манфаатларини илгари суриш учун Москвага сафарини қайд этмоқчиман", - деган Трамп.
Америка етакчисининг сўзларига кўра, АҚШ давлат котиби Россия пойтахтида "жуда муваффақиятли" учрашувларни ўтказган. У, шунингдек, Москвадаги музокаралар кутилганидан ҳам яхшироқ бўлгани эҳтимолини билдирди.
"Якуний натижани анча вақтдан кейин кўрамиз. Суҳбатлар асосийси эмас. Ўйлайманки, эшитганларимга қараганда, ҳаммаси кутилганидан ҳам яхши ўтган", -дея қайд этган Оқ уй раҳбари.
Трамп Қўшма Штатлар ва НАТО Россия билан "келишиб олиши"га умид билдирди. "Агар НАТО ва бизнинг мамлакатимиз Россия билан келишиб олганида ажойиб бўлар эди. Ҳозирда, биз умуман келиша олганимиз йўқ", - деган Трамп. У айни вақтда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар "энг қуйи даражада" экани хусусида фикр билдирди.
"Аммо кўрамиз, нима бўларкин. Путин – Россия етакчиси, Россия – кучли давлат. Биз - жуда, жуда кучли давлатмиз. Кўрамиз, бундан нима чиқар экан", - деб қўшимча қилган Америка етакчиси.
Кейинроқ, унга Европа мамлакатлари Россиядан нима кутишлари кераклиги хусусида савол берилди. Россия уларга қандай таҳдид солмоқда? "Умид қиламанки, алалоқибат, уларга ҳеч нарса таҳдид солмайди. Аммо ҳозир қўрқув бор. Муаммолар борлиги ҳам аниқ", - деб жавоб берган президент.
"Ҳозир бўлаётган воқеалар - ақлсизлик. Қаёққа қараманг – Яқин Шарқ, Украина – ҳамма ерда муаммолар, жуда кўп муаммолар. Якунда, ўйлайманки, биз бу муаммоларнинг аксаридан қутиламиз. Ва ҳеч ким ҳеч кимдан қўрқмайди", - дея хулоса қилган Трамп.
Мавзуга оид
15:08
Собиқ иттифоқ ва Россия томонидан уриб туширилган самолётлар
12:14
Украина илк бор КХДР аскарини асирга олди
20:10 / 28.12.2024
Путин «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш имконини берадиган қонунни имзолади
18:30 / 28.12.2024